4 февраль куни юртимизнинг бир неча ОАВларида “Ҳукмдор Усмон” сериалининг “Mening yurtim” телеканали эфиридан олинишига оид хабарлар берилди.
Кеча, 5 феврал куни АОКА матбуот хизмати вакили ушбу хабар юзасидан Kun.uz га агентликнинг муносабатини билдирди.
Унга кўра, “Mening yurtim” телеканалида сериал намойишининг тўхтатилишига ҳақиқатда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев ва АОКА раиси Асад Хўжаевнинг хати асос бўлгани ойдинлашади.
Энг қизиғи бошқада. Хатнинг мазмунига келадиган бўлсак, олдин Дин ишлари бўйича қўмита АОКАга хат ёзган, ундан сўнг АОКА телеканалга огоҳлантириш берган. Хатда “Mening yurtim” телеканали орқали Туркия республикасида суратга олинган “Ҳукмдор Усмон” номли сериал эфирга узатилаётгани, унда турк ва византияликлар орасидаги ихтилофлар диний омиллар орқали акс эттирилиши туфайли насронийларга нисбатан салбий муносабат аломатлари, шунингдек, маиший ҳаётда шаръий жазоларни қўллаш, жиҳод ва шаҳидлик тушунчаларининг нотўғри талқин қилинишига туртки бўладиган лавҳалар борлиги айтилган. Қизиқ, кино ижодкорлари тарихни нотўғри талқин қилганми ёки тарихда бу вазиятлар бўлмаганми?
Шу билан бирга, ушбу хатда қўмитанинг экспертлик гуруҳи мазкур сериал давлат диншунослик экспертизасидан ўтказмасдан эфирга узатилганини маълум қилган.
Телеканал сериални фақатгина ўз бадиий кенгаши қарори билан эфирга қўйган. Дин ишлари бўйича қўмита эса бу вазиятни мониторинг қилиб АОКАга хат ёзган.
Демак, АОКА телеканални фақат огоҳлантирган, “эфирдан олиб ташла” демаган. Сериал эфирга қайтиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Бизга келган маълумотларга кўра, сериал душанба кунидан бошлаб эфирга намойиш этилади.
Аммо бунинг учун сериал Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда (расман хат киритиш йўли билан) турли маросим ва ақидалар билан боғлиқ саҳналардан «тозаланиши» керак. Бу ҳам мажбурий эмас, шунчаки тавсия этилади. Телеканал мазкур сериални қайта намойиш қилиши мумкин», – деди матбуот хизмати вакили Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Эслатиб ўтамиз, турк ва ўзбек киноижодкорлари томонидан яратилган, тарихий фактларга асосланган “Ҳукмдор Усмон” сериали Ўзбекистонда намойиш этила бошлаганидан 2 ҳафта ўтиб, 2020 йил 17 декабрда эфирдан олинган эди.