– Ўзбекистон билан Қозоғистон Ғарб инвестицияларини жалб қилиш учун мўътадил ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Бу Россия билан Хитойнинг Ғарб мамлакатлари билан муносабатлари совиганидан қўшни мамлакатлар усталик билан фойдаланиб қолишга уринаётган янги сиёсатни англатмайдими? Ғарбга қарши туришдаги “иттифоқчилик” Россия учун қанчалик муҳим?
– Мен Қозоғистон билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу мамлакатларни Ғарб андозасидаги либерал демократик мамлакатларга айлантиришига ишонмайман. Ушбу ислоҳотлар жуда чекланган тарзда ўтказилмоқда ва улар мамлакатларнинг давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга, иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилгандир, яъни мақсад сиёсий эмас, амалий натижани кўзлайди. Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам 2000-йиллардаги тараққиёт моделлари ўз вазифасини ўтаб бўлди ва ҳозирги кунда бундан буёнги ривожланишга тўсқинлик қилмоқда. Келгусида муваффақиятли ва жадал ривожланиш учун уларни ислоҳ қилиш талаб этилмоқда. Россия буни ўзига таҳдид деб билаётгани йўқ. Айтиб ўтганимдек, у постсовет маконидаги мамлакатларнинг ички сиёсий ривожланишидан ёки ички сиёсий ислоҳотларидан эмас, жуғрофий-сиёсий йўналиши ўзгариши мумкинлигидан кўпроқ ташвишга тушмоқда. Қозоғистон билан Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар уларнинг барқарорлигини мустаҳкамлайдиган ва воқеаларнинг инқилобий ўзанга тушиб қолишидан асрайдиган бўлса, Россия буни фақат олқишлайди, чунки расмий Москва аслида воқеаларнинг Қозоғистон ва Ўзбекистонда инқилобий тусда ривожланишидан, режимлар қулашидан, вазият издан чиқиб кетишидан, жумладан, радикаллашувидан, ташқи сиёсатда кескин бурилишлар рўй беришидан чўчийди. Агар ушбу ислоҳотлар воқеаларнинг бу тусда ривожланиши олдини олишга қаратилган бўлса, бу Россия учун яхшидир. Қозоғистон шу пайтгача, бир тарафдан, кўп векторлиликка, бошқа тарафдан эса, Россия билан иттифоқчилик муносабатларига содиқ бўлиб келди ва келмоқда. Масалан, ҳокимиятга Қосим-Жўмарт Тўқаев келиши билан ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ, у, асосан, Нурсултон Назарбоев сиёсатини давом эттирмоқда.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат ушбу мамлакат билан Россия муносабатларини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Россия билан мулоқотга ҳам, Россия бизнеси учун ҳам, ҳатто россиецентрик интеграцияда, жумладан, ЕОИИда қатнашиш учун ҳам тобора очилиб бормоқда.
Ушбу мамлакатларнинг Ғарб билан мулоқоти Россияга маъқул эмас, лекин у бундай мулоқотнинг олдини олишга интилаётгани йўқ, чунки бу мамлакатларни кескин танловга рўпара қилишни ҳам, уларнинг ташқи сиёсий манёврларини чеклашни ҳам истамайди, чунки бундай қилинса, Россиянинг зикр этилган мамлакатларга таъсири пасайиб кетиши мумкин. Москва ушбу мулоқотларга кескин жуғрофий-сиёсий бурилиш бўлмагунча, сабр-тоқат билан қарашини давом эттираверади. Мабодо Қозоғистон ЕОИИ ёки КХШТдан чиқмоқчи эканини ва бундан буён Россия билан дўстона муносабатларга содиқ қола олмаслигини, АҚШни асосий шериги деб билишини айтса, Россия тарафи кескин куч ишлатиши ва репрессив қадамлар қўйиши аниқ, деб ҳисоблайман. Бироқ Қозоғистон ёки Ўзбекистон ўзини бундай тутиши эҳтимоли йўқ ҳисоби. Назаримда, Қозоғистон Россия билан қалин иттифоқчилик муносабатлари барқарорлик ва хавфсизлик омили эканини тўғри ва очиқ таъкидлаб келмоқда.
Ғарбга қарши туришда Россияга иттифоқчилар керакми? Бу саволга ҳа ҳам, йўқ ҳам деб жавоб бериш мумкин. Россияга иттифоқчилар ўзи кучайиши ва глобал миқёсдаги мустақил куч маркази сифатидаги мавқеда туриши учун керак. Айни чоқда Россия Ғарб билан зиддиятларига иттифоқчиларини аралаштирмоқчи эмас ва ўзи АҚШ ва ЕИга қарши қўллаётган аксилсанкцияларга ЕОИИ бўйича иттифоқчилари қўшилишини талаб қилаётгани йўқ. Россияга ўз ташқи сиёсатининг қандайдир муҳим масалалари бўйича бирдамлик зарур. ЕОИИ ва КХШТга аъзо мамлакатларнинг аксарияти, масалан, БМТ бош Ассамблеясида ё Россия билан бир томонда туриб овоз беради, ёки, ҳеч бўлмаганда, бетараф қолади ва Россияга қарши овоз бермайди. Лекин Россия барча масалалар бўйича юз фоиз бирдамлик ва садоқатни талаб қиладиган бўлса, бу акс натижа беришини ва ушбу мамлакатлар ўзидан узоқлашиб кетиши мумкинлигини яхши билади.
Дмитрий Суслов – Россиянинг халқаро сиёсат бўйича эксперти, Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) Жаҳон иқтисодиёти ва дунё сиёсати факультетининг Европа ва халқаро комплекс тадқиқотлар илмий-таълимий маркази директори ўринбосари ва илмий ходими.
Материал унинг CAAN сайтига берган интервьюсидан тайёрланган.