Бундан уч-тўрт йил олдин ўзбек медиаси, блогерлар, ижтимоий тармоқдаги фаоллар бироз жонланиб, руҳланиб, эркинроқ гапиришни бошлаганди. Танқидлар, муҳокамалар авж олганди. Турли-туман гап-сўзларни, баёнотларни, “қовун”ларни муҳокама қилиш, масхара қилиш, улар юзасидан мем ясаш авж олганди.
Афсуски, ўзбек ижтимоий тармоқлари, медиаси, блогосфераси ана шу даражада қолиб кетди. Ҳалигача “қачонгача бу адолатсизлик?!” деб бақир-чақир қилиш, “қовун”ларни масхара қилиш замонавийлик, илғорлик, танқид қила олиш қобилияти ҳисобланади. Шахсан менинг бу ҳолатдан қаттиқ ҳафсалам пир бўлган: бошидаги ғала-ғовур, бақир-чақирлардан сўнг сифат ўсиши рўй беради, экспертлар пайдо бўлади, таҳлил кўпаяди, ижтимоий тармоқ фаоллари-ю блогерлар юзаки масалалардан чуқур сабабларга кўчади деб умид қилгандим. Лекин бундай бўлмади. Бугун ўзбек медиасида мен кузатаётган вазият: ҳокимият вакили оғзига келган гапни гапиради, жамоатчилик бақир-чақир кўтаради, амалдор узр сўраб қўйиб, ёки оддий игнор йўли билан бу кўнгилсизликдан ўтиб кетади, ҳеч қандай натижа бўлмайди, ҳеч қандай чора бўлмайди. Чуқурроқ таҳлил, сабаблар анализи, ўзаро мулоқот ҳам бўлмайди.
Унданам хунукроқ вазият – амалдор ҳатто тўғри гап гапирса ҳам, одамлар “танқид қилиш керак экан, қовун туширибди” деб, тушунмаган нарсасининг устидан кулиб ўтириши.
Буни эслаб қолганимга сабаб қулоғимга чалинган баъзи янгиликлар бўлди. Аслида аллақачон ўзбек ижтимоий тармоқларини, медиа ва каналларини кузатмай қўйганман. Лекин тўлиқ бехабар ҳам қолмайман, табиийки.
Содиқ Сафоевнинг халқ қўлидаги 10 млрд доллар пул ҳақидаги баёноти устидан кулаётган аслида ўзларини кулгига қўяпти деб ўйлайман. Мен иқтисодиётчи эмасман, лекин 10 млрд доллар 34 млн кишига тақсимланганда унча катта пул бўлмаслигини англаш учун чуқур иқтисодий билим талаб этилмайди.
Алоҳида олинган инсон ҳам, бутун жамият ҳам ҳамиша ўз устида ишлаши ва ўсиб бориши лозим. Бир даражада қолиб кетиш аслида орқага кетишдир. Тўрт йил олдин дадил, асосли туюлган кескин танқидлар бугун арзон пиарга, билимсизликка, чорасизликка ўхшаб эшитиляпти. Бундан кўриниб турибдики, муҳокама борлигининг ўзиёқ савия ўсишига олиб келмас экан. Бунинг учун фан ва таълим ривожланиши лозим.