Буни тепадаги постнинг давоми, деб тушунсангиз ҳам бўлади. Чунки моҳият эътибори бир хил — мажлисбозликлар ҳақида.
Бу жараённинг қандай шитоб билан кетаётганини кўчага чиқмай, уйда ўтириб билсангиз ҳам бўлади. Телевизордан. Ахборотни қўясиз, тамом! У маълумот беради.
Қарийб бир соатлик информацион дастур баъзан бошдан-оёқ мажлислар тафсилотига бағишланади. Президентники, Ҳукуматники бўлса, тўғри тушунамиз, лекин турли вазирликлар, тармоқлар, бошқармалар ўтказаётган мажлисларнинг шарҳи бизга нимага керак?
Унчалик “узун қулоқ”қа ўхшамаган гапларга кўра, ҳозирги кунда “Ахборот”жонда тижорат асосида махсус репортаж бериш нархи (1 дақиқаси) 40 миллион сўмдан юқорироқ. 5 дақиқа берса, 200 миллион. Бу катта пулми, майдами?…
Шу пулни ТВ рақамига ўтказиб, қилинган, қилинмаган ишини тепага кўз-кўзлаётган ташкилотлар, корхоналар йўқ, деб ким айта олади? Қолаверса, улар қилаётган ишларимизни Президент кўрсин, менинг фидойилигимни билиб қўйсин, деган мақсадда шундай қилишадими ёки бошқа биз билмаган фалсафий жиҳатлари борми бунинг?
Ғалати-да, ТВни шундай очсанг мажлис, кейин ортидан биттаси чиқиб бу мажлиснинг моҳияти ҳақида чирқиллайди. Ортидан иккинчи, учинчи жойдаги мажлислар…
Нима, МТРК қозичилик қилишга ўтиб олганми? Бу вазирлик мана бундай ишлаётир, бу тармоқ фалон вазифаларнинг удасидан чиқаётир, дея Президентга уларни алқашми унинг иши? Ундан кўра, Президент берган топшириқларни бажармаётган раҳбарларнинг фаолиятини кўрсатса тўғри бўлмайдими?
Эртадан кечгача ўзимизни мақтаб, маҳлиё бўлиб, эсанкираб келган жойимизни кўриб турибмиз-ку! Бунинг устига, давлат раҳбарининг ўзи бир неча бор мажлисбозликни тўхтатиш ҳақида гапирди. Бизда эса у авжига чиқаётир. Устига-устак, ҳаммаси лалми гурунглар.
Бу одамларни кўп нарсалардан совитиб юбориши мумкин. Нега десангиз, мажлисдаги гаплар билан реал ҳаётдаги гаплар кўпинча бир-бирига тўғри келмайди.
Хуллас, бу борадаги ожизона фикримиз шулки, вазирларимиз, раҳбарчаларимиз тинмай мажлис қилиб ТВга чиқишга иштиёқни четга суриб, асосий вазифаси — давлатнинг иши, халқ олдидаги масъулиятини ҳам эсга олса фойдадан холи бўлмасди.