Туркманистоннинг нефть ва газ қазиб олиш соҳасидаги шериклари аниқланмоқда

Россия ёки Эрон?

Туркманистоннинг Эрондаги элчиси Ахмет ​​Қурбонов Эроннинг нефть ва газ қазиб олиш компаниясининг ижрочи директори Khazar Exploration and Production Company (KEPCO)Али Осоулини қабул қилди, деб хабар бермоқда Tehran Times.

KEPCO, 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, Эрон миллий нефть компаниясининг (НИОС) бўлими ҳисобланади. KEPCO Каспий денгизининг Эрон қисмида қидирув, ўзлаштириш ва қазиб олиш ишлари билан шуғулланади.

Учрашув мобайнида Эрон компанияси вакиллари денгиз тубидаги операциялар борасидаги тажрибалари ва денгиз шелфининг туркман қисмида Каспий конларини ўзлаштириш бўйича таклиф қилинган лойиҳалар ҳақида сўзлаб беришган.

А.Осоули, шунингдек, Эроннинг шимолидаги кемасозлик заводлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этган ва Каспий денгизидаги платформалар билан бир қаторда кўп вазифали кемаларни қуриш тажрибаси ҳақида гапириб, компания ушбу соҳаларда хизмат кўрсатиши мумкинлигини таклиф қилган.

Эрон компанияси раҳбарининг сўзларига кўра, KEPCO Каспий денгизида Озарбайжон билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаган.

Элчи А.Гурбанов мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ва Эрон компаниясининг денгиздаги иш тажрибасидан фойдаланишга қизиқишини билдириб, Туркманистон элчихонаси бунда муҳим роль ўйнаши, бу орқали Эрон компанияларининг барча таклифлари ҳукуматдан ўтиши кераклигини таъкидлаган.

Бироқ, 30 апрель куни Бош вазир ўринбосари Сердар Бердимуҳамедов Қозонга ташриф буюрганида у ерда Татаристоннинг «Татнефт» компанияси билан Каспий денгизининг туркман секторидаги конларни қидириш ва ўзлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш истагини билдирган.