АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон номзодини кўриб чиқмоқда

АҚШ Афғонистондан олиб чиқаётган қўшинларини Марказий Осиё, Форс кўрфази ёки алоҳида денгиз кемаларига кўчириши мумкин, деб маълум қилмоқда The Wall Street Journal нашри.

Таъкидланишича, Афғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон энг яхши вариант бўлиши мумкин. Аммо, Россиянинг минтақадаги “катта ҳарбий иштироки” ва Хитойнинг тобора кучайиб бораётган таъсири бунга йўл қўймаслиги мумкин.

Нашрнинг ёзишича, Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ва Толибонни жиловлаш учун Қўшма Штатлар ҳарбий хизматчилар, учувчисиз самолётлар, бомбардимончи воситалар ва артиллерияни жойлаштириш учун базаларга муҳтож.

Қўшма Штатлар Марказий Осиёда ҳарбий базаларни жойлаштиришни сўрамаган, аммо бу вариант Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Оқ уй томонидан кўриб чиқилмоқда. Нашр манбаларининг таъкидлашича, Марказий Осиё мамлакатлари Россия ва Хитой таъсирини мувозанатлаштирмоқчи, Москва ва Пекин эса Вашингтоннинг минтақада барқарорликни таъминлашидан манфаатдор.

Нашр май ойида АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Ўзбекистон ва Тожикистонга ташриф буюрганини эслаган. Айтилишича, у Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган. Манбанинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистон минтақада зўравонлик тарқалишидан хавотирда.

Бир неча йиллар аввал Ўзбекистон ва Қирғизистонда АҚШ базалари мавжуд эди. Улар Афғонистонда кучларни жойлаштириш ва операцияларни ўтказиш учун ишлатилган. Қўшма Штатлар Ўзбекистондаги базани 2005 йилда, Қирғизистонда эса деярли 10 йил ўтиб тарк этган.

АҚШ президенти Жо Байден апрель ойида НАТО қўшинларини Афғонистонни тарк этиш муддати АҚШнинг бу мамлакатга  кириб келишига сабаб бўлган 2021 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумларга 20 йил тўлиши арафасида бўлишини маълум қилганди.

Шундан сўнг Афғонистонда бир нечта йирик террористик ҳужумлар содир бўлди.