АҚШнинг Озиқ-овқат ва дори-дармон сифатини назорат қилиш бошқармаси сўнгги салкам 20 йилда Алсгеймер касаллигига қарши илк дорини шартли равишда маъқуллади. «Биоген» компанияси яратган препарат «адуканумаб» деб аталади, бироқ сотувга адугелм номи билан чиқарилади.
«Адуканумаб» инсон миясида ҳосил бўлувчи оқсил қуйқалар ёки амилоидни парчалайди. Амилоид ҳужайраларга зарар етказади, хотира, фикрлаш ва мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.
Муолажа умрбод бўлиб, препарат беморга йилига 56 минг долларга тушиши айтилмоқда.
Дунёда 30 миллиондан ортиқ одам Алсгеймер касалидан азият чекади, аксарияти 65 ёш ва ундан катталар.
Сўнгги 10 йилда бу касалликка қарши 100 дан ортиқ дори синалди, бироқ бирортаси самара бергани йўқ.
Бироқ баъзи мутахассислар дорининг самарадорлигини шубҳа остига қўймоқда. Бошқарма «Биоген» компаниясига дори сотувга чиқарилганидан кейин ҳам синовларни давом эттириш ва препаратни яхшилаш талабини қўймоқчи.
68 яшар англиялик Алдо Сереса 2017 йилдан бери клиник синовларда қатнашади. Мутахассислиги бўйича жарроҳ бўлган бу одам 10 йил олдин Алсгеймер касаллигига дучор бўлган. Шундан кейин ишини ташлашга мажбур бўлди.
Адуканумаб препарати Британияда тасдиқдан ўтгани йўқ, клиник синовлар давом этмоқда. Бироқ Сереса аҳволида ижобий ўзгариш кузатилмоқда.