В.Л.Квинтинг “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” китобига тақриз

Профессор Владимир Львович Квинтнинг китоби бизга Москва князи Дмитрий Иванович Донскойнинг (1350-1389) замондоши бўлган буюк давлат арбоби Амир Темурни (1336-1405) файласуф ва стратег сифатида очиб беради.

Давлат арбоби сифатида Амир Темур Марказий, Жанубий ва Ғарбий Осиё тарихига кучли таъсир ўтказганлиги, жанг-у жадалларда чиниққан, яхши қуролланган армияга асос солганлиги, мамлакатда феодал бошбошдоқлик ва ички урушларга якун ясаганлиги, тинчлик ўрнатгани ва мамлакатнинг кейинчалик ривожланиши учун барча ҳаракатларни қилганлиги билан машхур.

Аммо Амир Темур тарихий аҳамиятга эга бўлган стратегик асар – Тузуклар – қонун ва қоидалар бирлашмасини қолдирганлиги ҳақида кўпчилик билмайди. В.Л.Квинт Тузукларга ҳозирги замон нуқтаи назаридан шарҳ берар экан, стратегия фалсафасини жонли мантиқий занжирга боғлайди, 600 йил аввалги фикрларнинг бугунги кунда ҳам долзарблигини яққол намоён этади, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқарувида энг муҳим стратегик қарорларни қабул қилиш самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган Амир Темурнинг қонун-қоидаларига ўзининг талқинини таклиф этади.

Китобнинг энг муҳим жойлари ҳақида тўхталамиз.

  1. Тизимлилик. Ҳозирги замон нуқтаи назаридан, табиийки, ҳар қандай тадқиқот тизимли таҳлилдан бошланади. Тизимлилик, яъни индивидуал муаммоларни яхлит бутунликнинг бир қисми сифатида кўриш қобилияти – бу стратегик таҳлил ва бошқарув қарорларини қабул қилишнинг методологик асосидир. Профессор В.Л. Квинт ўзининг стратегиялаштириш тамойилларида шундай қоидани айтади: “Стратегиялар тартибсизликни тизимга айлантиришга қодир” ва Тузукларда ушбу қоида тўғрилиги исботланади. Амир Темур “Хулқ-атвор ва давлат бошқаруви бўйича кўрсатма” саналувчи 12 қоида тизимини ишлаб чиққан. Ушбу қоидалар стратегик бошқарувнинг режалаштириш, рағбатлантириш ва бошқариш каби асосий функцияларини ўз ичига олади ва бирлаштиради. Шу билан бирга, Амир Темур нафақат давлат бошқарувининг тизимли фалсафасини қуришга муваффақ бўлди, балки замонавий тил билан айтганда, ўз атрофига ҳар ким ўз вазифасини бажара оладиган, ўзига ўхшаган фикрдошларидан ташкил топган ҳамда яхлит жамоани тузишга имкон берган 12 синфли тизимни тадбиқ эта олди. Амир Темур тузукларига шарҳларда 12 та қоида ва хизматчилар таснифи ўртасидаги боғлиқлик кўринади. Шу тариқа, сиз 9-даража хизматчилари фаолиятининг амалий натижаларини (8-қоида); 4-даража хизматчиларининг амалий натижаларини (9-қоида) кузатишингиз мумкин. Шарҳларда профессор Квинт қуйидагиларни таъкидлайди: “Амир Темур қуролдошлари, унга содиқ одамлар ва аслида унга бўйсунган барча инсонларнинг функционал имкониятларини тузиб чиқди, сўнгра уларнинг қобилиятларини, фидоийлигини, уларнинг билимлари, садоқати ва вафодорлигини ҳисобга олган ҳолда, уларга раҳбарлик қилди”. Одамларни ҳис қилиш, уларнинг салоҳиятини кўриш ва рўёбга чиқариш, уларни атрофида тўплаш ва олға чорлаш қобилияти Амир Темурни доно стратегик раҳбар сифатида тавсифлайди.
  • Стратегик фикрлашда таҳлилнинг ўрни. Тузукларга шарҳларида В.Л. Квинт Амир Темурнинг ўзи маслаҳат олган олимларга бўлган муносабатига алоҳида эътибор беради. У нафақат тарихдаги буюк етакчиларнинг муваффақиятларини, балки мағлубиятлари сабабларини ҳам таҳлил қилишни буюрган. Профессор Квинт таъкидлашича, Темурнинг бундай хатти-ҳаракатлари стратег томонидан илгари муваффақиятли амалга оширилган ғалабали стратегиялар тажрибасини ўрганиш ва улардан фойдаланишни талаб қиладиган стратегик фикрлашнинг энг муҳим қоидаларидан бирига мос келади. Ўтмишдаги хатоларни инобатга олмаслик, Амир Темур таъкидлашича, иқтисодий фаолиятда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу билан у самарали бозор тузилиши бозор фаолиятининг асосий талабини бажаришини назарда тутади: “Ишлаб чиқарилган нарсани сотмай, сотиладиган нарсани ишлаб чиқариш”. “Ишлаб чиқарилган нарсани сотиш” позицияси Оуэннинг номукаммал рақобат элементи бўлган “Адолатли меҳнат биржаси учун миллий бозор”ни амалга оширишга олиб келиши мумкин.
  • Вазиятга баҳо беришнинг муҳимлиги. Қоидаларда Темур доим иқтисодий ва ижтимоий ҳолатга, аҳолининг яшаш шароитини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида гапиради. Айниқса, вилоятларда халқни яхши таниш, уларнинг урф-одатларини биладиган инсонларни юқори лавозимларга тайинлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратади. Вилоят ноиби лавозимига тайинлаш чоғида у халқ орасида яхши ном билан танилганларга устунлик берарди. Замонавий стратегик менежмент назариясида ушбу ёндашув менежерлар ишлаб чиқаришнинг асосий мақсадидан фарқ қилганда юзага келадиган, ишдаги ҳаётни енгиллаштириш, тадбиркорликда таваккалчиликдан қочиш, қобилиятсиз дўстлар ва қариндошларни иш билан таъминлаш ва бошқалардан иборат “Х-самарасизлик”дан асрайди.
  • Бағрикенглик. Биродарлари, шериклари ва душманларига нисбатан тенг муносабат. “Мени ўлдириш мақсади билан келган ҳасадгўй одам мендаги меҳр-муҳаббатни кўриб, уялганидан терга ботган”, – деб ёзган Амир Темур. Шарҳда профессор Квинт шундай ёзади: “У стратег сифатида ҳеч қачон мағлубиятга учраган душманининг қадр-қимматини юқори баҳолашдан қўрқмаган. Бундан ташқари, у мағлуб этган душманини ўз хизматига олиб, ҳарбий унвонини кўтариши ҳам мумкин эди. Бу эса стратегик бошқарувнинг мотивация функциясини ўзида мужассам этган”.
  • Адолатлилик. “Куч адолатдадир” ёзуви Темурнинг буйруғи билан Шаҳрисабзда қад кўтарган Оқ сарой мажмуасининг деворида ёзилган. Тузукларда Амир Темур, самимийлик ва ҳалолликнинг вазир лавозими учун муҳимлигини алоҳида таъкидлайди ва вазирнинг ҳалоллигини унинг қарорларининг адолатлилиги билан боғлайди. Темур қонун дахлсизлиги концепциясини амалга киритди ва жиноятчиларни жазолашга шошилмасликни, балки ишнинг барча ҳолатларини синчковлик билан текширишни ва шундан кейингина ҳукм чиқаришни буюрди. Бу даврда ҳамма: вазир, амир, савдогар ва оддий одам қонун олдида тенг эди. Агар молиявий масъул мансабдор шахс хазинанинг бир қисмини ўзлаштирганлиги тўғрисида маълумот келиб тушган бўлса, унда бу текширилиб, қарорлар ҳолат тасдиқлангандан сўнг қабул қилинган ва ўзлаштирилган миқдор унинг маоши (улуши)га тенг бўлса, у ҳолда бу миқдор унга ҳадя этилган. Агар иш ҳақидан икки баробар кўп бўлса, унда ортиқча қисми ушлаб қолинган. Агар ўзлаштирган пул миқдори унинг маошидан уч баробар кўп бўлса, унда унинг бор мулки хазина фойдасига мусодара қилинган. Владимир Львович қарор қабул қилишнинг одиллигини стратегия нуқтаи назаридан изоҳлар экан, бу стратегик бошқарувнинг уч асосий вазифаларидан бири эканлигини айтади: “Асоссиз жазолар, шунингдек асоссиз мукофотлар кўпинча стратегик қарорлар қабул қилаётган шахснинг қобилиятсизлиги натижасидир, ёки унинг аппарати самарасиз ишлаши, ёки стратегик қарорлар қабул қилинаётган давлат ҳокимиятининг энг юқори даражаларигача етган коррупция билан изоҳланади.”

Профессор Квинт асарларида стратегиянинг қуйидагича таърифи мавжуд: “Стратегия – бу ресусрларнинг чекланганлигини баҳолаган ҳолда, муваффақиятга эришиш учун аниқ танланган векторга кўпайтирилган донолик”, яъни стратегия уни изчил ва тўлиқ амалга ошириш билан узоқ муддатли муваффақиятни таъминлайдиган таълимотни излаш, шакллантириш ва ривожлантириш тизими сифатида тавсифланади. “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” китоби бизга буюк Амир Темурнинг донолиги ва стратегик идрокини намойиш этади.

Аврелий Августин айтганидек: “Ўтмиш, бугунги кун ва келажак йўқ. Фақатгина бугунги куннинг ўтмиши, бугунги куннинг бугунги куни ва бугунги куннинг келажаги бор”. Владимир Львовичнинг асари бугунги куннинг келажагини стратегик нуқтаи назардан барпо этиш учун бугунги куннинг ўтмишини бугунги куннинг бугунги куни билан боғлашда ёрдам беради. “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар” китоби олимлар ва амалиётчилар, ўқитувчилар ва талабалар, стратегия назариясини ўрганувчилар ва ҳаётда стратегия тамойилларини амалга оширмоқчи бўлганлар учун фойдали ва қизиқарли бўлиши шубҳасиз.

Муаллифлар ҳақида: Толстых Татьяна Олеговна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, НИТУ “МИСиС” профессори (Москва, Россия Федерацияси); tolstyh.to@misis.ru Галиев Жарылкасым Какитаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, НИТУ “МИСиС” профессори (Москва, Россия Федерацияси); galiev@msmu.ru Миллий тадқиқот технология университети “МИСиС”, Москва, Россия Федерацияси Квинт В.Л. Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: Тузукларга шарҳлар / В.Л. Квинт (хатбоши, шарҳлар). СПб.: ИПЦ СЗИУ РАНХиГС 2021. 204с. (“Стратег кутубхонаси” туркумидан). Doi: 10.22394/978-5-89781-696-5-1-204 iSBn 978-5-89781-696-5