“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция

2021 йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик, Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтиши ҳақида маълумот бергандик.

Юқори даражадаги мазкур конференция транспорт-логистика, энергетика, савдо, ишлаб чиқариш, инвестиция, технологик ва маданий-гуманитар соҳаларда “Марказий Осиё – Жанубий Осиё” форматидаги ўзаро манфаатли стратегик алоқа моделини кўп томонлама муҳокама қилиш учун сиёсий ва экспертлар майдонини шакллантиришга мўлжалланган бўлиб, конференцияда 40 дан зиёд мамлакатлар ва халқаро ташкилотлардан 250 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнаши кутилмоқда.

Мазкур тадбир илк кунида (15 июль куни) Тошкентда Марказий Осиё Халқаро Институтининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Институтнинг очилиш маросимида Марказий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари ва мутахассислари иштирок этиши режалаштирилган.

Минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг янги очиқ ташқи сиёсий стратегияси доирасида илгари сурилди.

Тадбирнинг иккинчи куни (16 -июль куни) конференция иши “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик” мавзусидаги ялпи мажлис билан бошланади.

Тадбир мобайнида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг нутқлари режалаштирилган.

Мажлис доирасида Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилади.

Шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, шу жумладан мавжуд транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш; – хорижий ҳамда халқаро молия ва инвестиция институтлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари каби йўналишлар муҳокама этилади.

Маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш йўналиши бўйича таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, экология, туризм соҳаларидаги ўзаро фаолиятлар тўғрисидаги маълумотлар тингланади.

Айни вақтдаги долзарб ва аксарият хорижий кузатаувчилар томонидан кутилаётган мавзу “Минтақавий хавфсизлик. Қаршиликлар ва таҳдидлар” мавзусига бағишланган йиғилишда янги хатар ва таҳдидларга қарши курашда, шунингдек, трансчегаравий инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлашда минтақавий ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, конференцияси доирасида Тошкентга Покистон бош вазири Имрон хон ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғани ташриф буюриши кутилмоқда.