Хотин-қизлар дунё аҳолисининг ярмини ташкил этади, бу эса, инсоният салоҳиятининг ярмига тенг деганидир. Бироқ мавжуд тўсиқлар туфайли улар ҳали ҳам давлат, сиёсий ва иқтисодий соҳаларга етарлича жалб этилмаган. Инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири бўлган гендер тенглик жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш ҳамда барқарор ривожланиш асосида инсон салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнайди. Хотин-қизларнинг жамият ҳаётига жалб қилиниши иқтисодий ўсишни таъминлаши, уларнинг мавқеи тенг бўлмаслиги эса бутун жамият учун жиддий сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши исботланган, бу эса давлатларнинг миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва тинчлик ва фаровонликни сақлаш борасидаги имкониятларини жиддий равишда чеклаб қўйиши мумкин.
Гендер тенглиги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг бир қисмига айланди. Гендер тенглиги замонавий жамиятнинг асосий мақсад ва қадриятларидан биридир. Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳозирги кунгача эришилган ютуқларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қаратилган бўлиб, бутун жаҳонда хотин-қизларга қарши камситишларни бутунлай йўқ қилишни кўзда тутади. Ҳозирги кунда баъзи ҳудудларда сезиларли даражадаги гендер тенгсизлик сақланиб қолмоқда, хусусан бундай тенгсизлик ҳақ тўланадиган иш ўринларини эгаллаш ҳамда меҳнат бозорида яққол кузатилмоқда. Жинсий зўравонлик хавфи, бепул парваришланиш имкониятининг чекланганлиги ва уй-рўзғор ташвишлари ҳамда давлат бошқаруви соҳаларида мавжуд бўлган камситишлар хотин-қизларнинг ривожланиши йўлида ҳануз катта тўсиқларни туғдириб келмоқда. Шундай қилиб, барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсадида тўғридан-тўғри “гендер тенглигини таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш” ҳақида сўз боради.
Коронавирус эпидемияси хотин-қизларнинг соғлиғи, иқтисодиётидан тортиб, хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимоясига қадар мавжуд тенгсизликни кучайтирмоқда.
Инсоннинг ҳар томонлама тенглиги – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим принциплардан биридир. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар билан эркаклар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш ушбу принципнинг асосий талаби ҳисобланади.
Бугунги кунда дунёдаги инсон ҳуқуқлари учун енг катта муаммо – гендер тенглигига эришишда хотин-қизларга имкониятлар бериш;
Мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
Аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
Касбий сегрегация, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш кабилардир;
Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш, касб-ҳунар таълимини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларни жамиятнинг барча соҳаларига фаол жалб этиш борасидаги ташаббуслари барқарор ривожланиш мақсадлари учун аёлларнинг салоҳиятини тўла-тўкис рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар яратишда глобал тенденцияларга тўла мос келади.
Бироқ, масаланинг бошқа томони ҳам бор аёл кишига барча соҳаларда ишлаши, эркак киши билан тенг меҳнат фаолиятини юритиши қанчалик тўғри? Гендер тенгликда хомиладорликдаги турли ўзгаришлар ва ундан кейинги даврларда иш берувчи томонидан қандай йўл тутилиши керак? (агар гендер тенглик турган бўлса!)
Юқоридаги сабаблар туфайли гендер тенглиги олий даражада йўлга қўйилган Япония, Германия ва Франция каби ривожланган давлатларда аёлларни туғиш ва фарзанд парвариш қилиш даври кўп вақт талаб этгани боис, аёллардаги репродуктив вақт ўтиб кетмоқда. Аҳоли ёши эса қариб бормоқда…
Балки, иш берувчининг меҳнат муносабатларидаги “тенглик” тушунчасини олиб ташланиши тўғри бўлар?! Сиз қандай фикрдасиз?
Мавзуга яна қайтамиз!