Пул ювиш рейтингида Ўзбекистонни ўрни қаерда?

Биз пул ювишни биламизми?

Пул ювиш — жиноят натижасида қўлга киритилган пул ёки бошқа мулкка қонуний тус бериш, яъни ноқонуний йўллар билан топилган мулкни очиқчасига фойдалана олиш учун норасмий иқтисоддан расмий иқтисодга олиб ўтиш. Аммо, баъзи бир қонун тизимларида “пул ювиш” атамаси терроризмни қўллаш, солиқ тўламаслик ва халқаро санкцияларни айланиб ўтиш каби бошқа турдаги молиавий жиноятлар ҳақида гапирилганда ҳам қўлланилади.

Пул ювишга қарши Базел индекси (Basel Anti-Money Laundering Index) – пул ювиш ва терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ мамлакатлар хавфини ўлчаш ва баҳолаш учун қабул қилинган умумий кўрсаткич бўлиб 2012 йилдан бери Базел Университетининг мустақил институти бўлган Базел Бошқарув Институти (Basel Institute on Governance) томонидан нашр этилади ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий адолат дастурлари тармоғи ҳомийлигида фаолият олиб боради. Сўров натижалари халқаро, ҳукумат, молия ва тижорат институтлари томонидан мамлакат хатарларини баҳолашнинг мустақил воситаси сифатида ишлатилади.

Рейтингни ҳисоблаш учун ишлатиладиган кўрсаткичлар ҳар хил оғирликдаги бешта асосий тоифага гуруҳланган:

1. Пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тизимининг сифати (65%).

2. Коррупция ва порахўрлик хавфи (10%).

3. Молиявий шаффофлик ва стандартлар (10%).

4. Жамоатчилик ошкоралиги ва ҳисобдорлиги (5%).

5. Сиёсий ва ҳуқуқий таваккалчилик (10%).

2020 йилда эълон қилинган индекс маълумотларга кўра, МДҲ мамлакатлари ичида пул ювиш бўйича етакчи давлат бу жаҳонда 27-ўринда жойлашган Қирғизистон. Иккинчи ўринда яна бир қўшнимиз Тожикистон жойлашган (жаҳонда 32-ўрин). Биринчи учликни жаҳонда 43-ўрин эгаси бўлган Ўзбекистон якунлаб беради. Рейтингда Россия 52, Украина 67, Озарбайжон 66, Молдова 71, Қозоғистон 73, Арманистон 79 ва Грузия 103- ўринда.

Индексни шакллантириш методологияси ва унинг маълумот манбаларининг батафсил тавсифи ҳар йили ўтказиладиган рейтингнинг кейинги таққослаш тадқиқотлари натижаларига кўра берилган.

Индекснинг оммавий нашри хавфларни ишончли баҳолашни ҳисоблаш учун энг тўлиқ маълумотларга эга мамлакатлар рўйхатини ўз ичига олади. Барча мамлакатлар учун ўтказилган тадқиқотнинг тўлиқ натижалари Эксперт (Expert Edition) нашрида тақдим этилади, унга кириш обуна орқали бўлиб, илмий, жамоат, давлат ва нотижорат ташкилотларига бепул очиқланади.