Толибоннинг етакчиси Мулла Бародар ким?

У Афғонистонни қўлга олган Толибон ҳукуматида юқори лавозимни эгаллаши кутилмоқда.

Асли исми Абдул Ғани Бародар Толибон асосчиларидан бири ва гуруҳнинг юқори мартабали етакчисидир.

1968 йилда Ўрузғон вилоятида туғилган Бародар попалзай қабиласидан бўлиб, дурроний ёки Қандаҳор пушту тилида сўзлашади. Бародар Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай билан бир қабиладандир.

У Толибон мудофаа вазирининг ўринбосари ҳам бўлган.

АҚШда 2001 йилнинг 11 сентябрь куни амалга оширилган террор ҳужумлари ортидан Бародар Афғонистондан Покистонга қочган.

Бародар 2010 йилда АҚШ ва Покистон разведка агентликлари томонидан Карачида ҳибсга олинган ва Покистонда саккиз йил қамоқда ўтирган. АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус элчиси Залмай Ҳалилзод таклифи билан озодликка чиқарилганди.

2020 йилда АҚШ ва Толибон имзолаган битим Американинг энг узоққа чўзилган урушига якун ясади.

Маълум бўлишича, 2013 йилда Толибон етакчиси Мулла Умар вафотидан кейин Бародар иккинчи энг юқори лавозимли қўмондон бўлиб етишган. У кўп йиллар жамоатчилик назаридан четда юрган ва Толибон исёни стратегиясини тузиш ва гуруҳнинг ҳарбий қўмондонларини тайинлаш билан шуғулланган.

Покистонда ҳибсда сақланаётган пайтида Бародар Қўшма Штатларга жангари гуруҳнинг ички фаолияти тўғрисида «фойдали» маълумот бергани хабар қилинган.

Бародар 1980 йилларда Совет Иттифоқи аскарларига қарши жанг қилган.

1996 йилдан 2001 йилгача чўзилган Толибон ҳукмронлиги даврида бир қанча лавозимларни эгаллаган.