Таълим даражаси индекси – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) умумий кўрсаткичи бўлиб, у катталар саводхонлиги индекси ва таълим олаётган талабаларнинг жами улуши индекси сифатида ҳисобланади.
Индекс мамлакат аҳолисининг таълим даражаси бўйича эришган ютуқларини иккита асосий кўрсаткич билан баҳолайди:
- Катталар саводхонлиги индекси (2/3 вазн).
- Бошланғич, ўрта ва олий таълимдаги талабаларнинг кумулятив улуши индекси (1/3 вазн).
Таълим ютуқларининг бу икки ўлчови якуний индексда умумлаштирилади ва 0 (минимал) дан 1 (максимал) гача бўлган рақамли қийматлар сифатида стандартлаштирилади.
Таълим даражаси индекси, гарчи у универсал кўрсаткич бўлса да, бир қатор чекловларга эга. Хусусан, у баъзи ҳолларда жуда паст ёки сезиларли даражада чекланган бўлиши мумкин бўлган таълим сифати ўзини акс эттирмайди. Бундан ташқари, индексда чет элда ўқиётган талабалар ҳисобга олинмайди, бу эса баъзи кичик давлатлар учун маълумотларни нотўғри кўрсатиши мумкин.

Демак таълим даражаси индекси бўйича жаҳондаги энг яхши мамлакат барчамиз билган, айримлар эса кўчиб кетишни орзу қилган Германия. Иккинчи ва учинчи ўринларни Норвегия ва Буюк Британия эгаллаган. МДҲ га кирувчи мамлакатлар ичида энг яхши натижа эса жаҳонда 26 – ўринни эгаллаган, ўзбек блогерлари севиб саёҳат қиладиган Грузияда. МДҲ га кирувчи қолган мамлакатлар кетма-кетлиги эса қуйидагича: Беларус (32), Қозоғистон (35), Россия (39), Украина (47), Арманистон (64), Қирғизистон (70), Ўзбекистон (71), Озарбайжон (80), Молдова (82) Тожикистон (96), Туркманистон (111).
Дунё аҳолисининг саводхонлиги ҳақидаги маълумотлар миллий рўйхатга олишнинг расмий натижаларидан келиб чиқади ва ЮНEСКО статистика институти ҳисоб -китоблари билан таққосланади. Ҳозирги вақтда индекс БМТга аъзо давлатларни, шунингдек алоҳида мақомга эга бўлган баъзи маъмурий ҳудудларни қамраб олади, шу билан бирга рейтинг жадвалида мамлакатлар сони камроқ, чунки бу кўрсаткич бўйича статистик маълумот беришни истамайдиган ёки бера олмайдиган давлатлар рўйхатга киритилмаган. Таълим муассасаларига ўқишга кирган фуқаролар сони ҳақидаги маълумотлар ЮНEСКО Статистика институти томонидан дунё давлатларининг тегишли давлат органлари тақдим этган маълумотлар асосида тўпланган. Индекс ҳар икки йилда янгиланади, бироқ БМТ маълумотлари билан ҳисоботлар одатда бир йилга кечиктирилади, чунки улар миллий статистика идоралари томонидан эълон қилинганидан кейин халқаро таққослашни талаб қилади.