Афғонистон миллий кучларининг мағлубияти кўплаб ҳарбий таҳлилчилар ва сиёсатшунослар учун кутилмаган хол бўлди. Қўшма Штатлар ва НАТОнинг бошқа давлатлари ўтган 20 йил давомида Афғонистон армиясини ўқитиш ва қуролланиши учун миллиардлаб доллар сармоя киритганига қарамай, армия деярли жангсиз Толибонга таслим бўлди.
Нега бундай бўлди?
Нима учун Ғарб коалицияси Афғонистонни замонавий кучли армияга эга бўлган мустақил ҳаётга тайёрлай олмади?
2021 йил июль ойида АҚШ президенти Жо Байден журналистларнинг “Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга кирита оладими?” деган саволига шундай жавоб берган: “Йўқ. Чунки афғон армиясининг 300 минг аскари бор. У кучли замонавий армия каби жиҳозланган ва ўқитилган. Толибонда эса атиги 75 минг жангчи бор”.
Бироқ, АҚШ ўз қўшинларини мамлакатдан кенг миқёсда олиб чиқа бошлагач ва Афғонистон армиясини ҳаводан қўллаб-қувватлашни тўхтатгандан сўнг, афғон армияси Толибонга жангсиз таслим бўла бошлади. Бир неча ҳафта мобайнида оммавий ахборот воситалари Афғонистон шаҳарларини бирин-кетин босиб олиниши ҳақида хабар беришди ва 15 августга қадар Толибон бутун мамлакат, шу жумладан пойтахт Кобулни назоратига олди – Панжшир вилоятидан ташқари. Маълум бўлишича, НАТО ҳарбийлари иштирокисиз, Байден кутганидан фарқли ўлароқ, миллий кучлар Толибонга қарши тура олмади.
Британиянинг Guardian газетаси ёзишича, америкалик генераллар Афғонистон армияси, махсус хизматлари ва полициясининг жанговар самарадорлигини доимо юқори баҳолаган. Сўнгги 20 йил ичида АҚШ уларни жиҳозлаш ва ўқитишга катта маблағ сармоя киритган: сармоя 88 миллиард доллардан ошган. АҚШ назорат агентликлари ҳам ўтган ой АҚШ ҳарбийларининг Афғонистон армиясининг жанговар қобилияти ҳолатини ижобий баҳолангани асоссиз бўлганини айтди. Байден қўшинларни олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилар экан, эҳтимол ҳарбийлар унга тақдим этган ёлғон маълумотларга таянган бўлиши мумкин: Оқ уй Афғонистондаги ҳақиқий коррупция даражаси ҳақида билмаган бўлиши мумкин.
“Афғонистоннинг собиқ раҳбарияти ажратилган мол-мулкнинг учдан бир қисмини, шу жумладан қурол-яроғ ва ускуналарни талон-тарож қилган. Армияда аскарлар сони ошириб кўрсатилган уларга нафақа ва иш ҳақи белгиланган бўлиб, мавжуд бўлмаганларга маблағлар хисобланаверилган. Толибон корпусларидан бирини мағлубиятга учратганидан сўнг, ходимларнинг фақат ярми борлиги маълум бўлди. Қолганлари йўқ эди, улар аввал ҳам бўлмаганди фақат қоғозларда ёзилган”
замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Никита Мендкович
Ҳозирча 88 миллиард доллар нимага сарфлангани маълум эмас. Назорат қилувчи органлар яқинда АҚШ Конгрессига ушбу мавзу бўйича ҳисобот тақдим этишга ваъда беришди. Аммо ҳозир Ғарб матбуоти Кобулда ишлатилган коррупция схемалари ҳақида ёзмоқда.
“Афғонистон ҳукуматининг ўрта даражадаги вакиллари, вазирлар, вазир ўринбосарлари ҳам бу коррупцион схемаларда иштирок этишган”, – дейди Украина “Келажак” институти таҳлилчиси Илиа Куса. “Бу схемаларда хорижий контингент вакиллари ҳам иштирок этганлиги ҳақида маълумотлар бор”
Журналистларнинг айтишича, Афғонистон армиясида ўзлаштиришнинг энг кенг тарқалган усулларидан бири, НАТО ҳарбий коалицияси эҳтиёжлари учун мўлжалланган ёқилғини ўғирлаш эди. Назорат инспекторлари ҳисоб-китобларига кўра, мамлакатда НАТО ҳарбийлари бўлган давр мобайнида 155 миллион долларга яқин ёқилғи ўғирланган.
“АҚШнинг Жалолободдаги бир офицери менга Афғонистон армиясига етказиб бериладиган ёқилғи доимо йўқ бўлиб қолганини айтди. Натижада улар ҳарбий операцияларни ўтказа олмаган”, – дейди АҚШ Мудофаа вазирлигининг “Stars and Stripes” газетаси журналисти Лоуренс. “Бу биргина холат эмас, балки кенг тарқалган амалиёт эди. Кўпгина америкалик инспекторлар Афғонистонда ишлаган йиллар мобайнида миллионлаб доллар ёқилғи ўғирланганини таъкидлаган: ўғирловчилар уни қора бозорда сотишган”.
Афғонистон армиясини ўқитиш ва ҳарбий техникани сақлаш бўйича шартнома тузилганлар орасида АҚШга тегишли бўлган 17та пудратчи фирмалар бўлган. Улар логистика, қурилиш ва ҳарбий техникага техник хизмат кўрсатиш учун масъул эдилар. Ҳаммаси бўлиб, бу 18 минг киши, уларнинг учдан бир қисми АҚШ фуқаролари. Масалан, Textrom Systems, АҚШ Мудофаа вазирлиги билан 50 миллион долларлик беш йиллик шартнома асосида, АҚШнинг Баграмдаги ҳаво базасини ҳимоя қилишни яхшилаши керак эди ҳамда учувчисиз разведка ва ҳаво тизимларини етказиб бериш топширилганди.
Доналд Трамп президентлиги даврида америкаликлар Афғонистонда ишлаш бўйича пудратчилар билан энг кўп шартномаларни имзолаган: бу шартномаларнинг умумий суммаси 820 миллион доллардан ошади. 2017 йилда АҚШ армияси муҳандислар корпусининг собиқ ходими Марк Миллер, афғон пудратчиларидан умумий қиймати 320 минг доллар пора олганини тан олган. Миллер Афғонистон шарқидаги Кемп Кларк ҳарбий базасида қурилиш майдончаси мудири эди. Афғон компанияларидан пора эвазига у АҚШ Мудофаа вазирлиги бу шартномаларни бузмаслигига кафолат берган.
Мутахассислар ўғирлик ва коррупциядан ташқари яна бир муаммо ҳақида фикр билдиришмоқда. 2017 йилдан бери собиқ президент Ашраф Ғанининг илтимосига биноан АҚШ ҳарбийлари афғон аскарлари орасида қурбонлар ва қочоқлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатган. Фақат тўрт йил ўтгач, баъзи рақамлар пайдо бўлди: қочқинлар сони 100 минг кишини ташкил қилиши айтилди. Америкалик инспекторларнинг маълум қилишича, ҳар йили АҚШ пуллари билан ушлаб турилган ва ўқитилган афғон аскарларининг учдан бир қисми армияни ташлаб кетаверган. Афғонистон армияси ҳар йили учдан бир қисмга қисқаргани боис, янги чақирувдаги ёлланган аскрларни ўқитишга мажбур бўлган.
“Кўп маблағлар шунчаки исроф қилинган ёки ўғирланган. Коррупция даражаси ҳар йили юқори бўлиб қолаверган, коррупцияга қарши курашда эса жиддий ютуқлар бўлмади”, – таъкидлайди Украина келажаги институти таҳлилчиси Илиа Куса.
Афғонистон узоқ вақтдан бери дунёдаги энг коррупцион давлатлардан бири бўлиб келган: Transparency International рейтингида у коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича рўйхатнинг энг охири 165-ўринни эгаллаб турибди. Ғарб давлатлари бу мамлакатга миллиардлаб доллар сармоя киритган йиллар давомида ҳам вазият ўзгармади.