Минтақавий миллатчилик деган ҳодиса мавжудми?

Сент-Эндрюс университетининг катта ўқитувчиси, доктор Филиппо Коста Буранелли Марказий Осиё мамлакатларида минтақада барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолиш учун ишларни яқиндан мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни тушунаётган янги минтақавий тартиб вужудга келаётгани ҳақида.

Агар саволингизда Марказий Осиё мамлакатларининг ўз-ўзига маҳлиё бўлиши, ўзини ўзи мақташга, ўзидан ўзи ғурурланишга тушиб кетиши назарда тутилаётган бўлса, мен бу саволингизга “ҳа” деб жавоб бераман – ҳа, Марказий Осиёда вақти-вақти билан бундай ҳолатлар кузатилмоқда. Лекин шу билан бирга, яна бир муҳим ҳолатни таъкидламоқчиман, бу дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам юз бериб турибди. Масалан, ўтган йили – пандемия даврида Европа мамлакатларида пандемияни ким олдинроқ бартараф қилиши бўйича ўзаро рақобат пайдо бўлган эди.

Таассуфки, Марказий Осиё мамлакатлари тобора шарқлашиб бораётганини ва ўзига хос нарса сифатида тавсифланаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Бундай ҳолатлар бутун дунёда юз бермоқда, чунки бу – масаланинг сиёсий жиҳати. Айни чоғда Марказий Осиё мамлакатлари ҳали-ҳамон давлат ва миллат қурилиши жараёнини бошидан кечираётганини эсдан чиқариб бўлмайди. Шунинг учун мен ўзини ўзи мақташ ва ўзидан ўзи ғурурланиш ғояси бутун дунёга ҳамма нарса мамлакатида яхши эканини кўрсатишга уриниш деб ҳисоблайман.

Ҳатто айрим ишларни эплай олишмаётган тақдирда ҳам, бундай риторика улар мавжудлигини ва эгаменлик билан боғлиқ алоҳида ҳақларни, дейлик, “биз – қонуний давлатлармиз, биз мавжудмиз” қабилидаги баёнотларни тасдиқловчи дипломатик жараёндир. Бу – амалий иш мантиғи. Марказий Осиё мамлакатлари бир-бирига ёрдам бергани, эришилган ютуқлар учун бир-бирини қутлагани ва мақтагани бошқа масала.

Айниқса, пандемия даври минтақада мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам нуқтаи назаридан жуда намунали бўлди. Масалан, бир неча ҳафта олдин Қозоғистон Қирғизистонга кўп миқдордаги вакцина берди, республикалар ўртасида тиббиёт товарларини ташиш учун транзит йўллари очилди. Бу мамлакатлар президентлари бир-бирини табриклаб туради, минтақада барқарорликни сақлаб қолиш учун бир-бирини қўллаб-қувватлайди.

Яқинда мен бир мақола эълон қилдим, унда Марказий Осиёда “минтақавий тартиб” ҳисси қандай пайдо бўлиши ҳақида ҳикоя қилинади. Давлатлар ўз кучини жуда яхши ҳис қилади ва баъзан минтақавий кимлик заиф ҳис қилинишини яхши билади, чунки биринчи ўринда давлатлар туради. Лекин айни чоқда тадқиқотим шуни исботлайдики, улар бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик, бир-бирига бостириб бормаслик, дипломатия протоколига, халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёрларига бўйсуниш ва катта лавозимдаги кишиларни ҳурмат қилиш сингари айрим қоидаларга риоя қилиш кераклигини яхши тушунади. Нима бўлганда ҳам, улар ўзи истаган ишни қилиши мумкин, чунки улар битта минтақавий тартиб ичида, агар минтақада барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолишни истаса, ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва айрим соҳалар бўйича ҳамкорлик қилиши шарт бўлади.

Бунга минтақавий суверенитет – эгаменлик намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин, бу оксюморондир (бир-бирига қарама-қарши тушунча), чунки эгаменликни биз одатда давлатларга хос нарса деб биламиз. Аслида минтақаларнинг эгаменлиги бўлмайди. Лекин тез-тез бир ғоя кўзга ташланмоқда: Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳатто буюк давлатларнинг ҳам аралашишга ҳаққи йўқ бўлган айрим муаммолар бор.

Ушбу принципни биринчи бўлиб Нулсултон Назарбоев, сўнгра Шавкат  Мирзиёев, ундан кейин бошқалар қўллаб-қувватлади.

Марказий Осиё давлатлари муаммоларини ташқи кучлар аралашувисиз фақат ва фақат мамлакатларнинг ўзи ҳал этиши шарт.

Билишимча, амалда бунга риоя этиш жуда оғир, чунки минтақага буюк давлатлар олиб келаётган глобал кучлар бор, лекин Марказий Осиё давлатлари буюк кучлар динамикаси ўртасида ўз agency’си ва автономиясини қайсидир тарзда сақлаб қола билди. Эҳтимол бу саволингизга тўлиқ жавоб бўлмас, лекин сиз минтақавий миллатчилик мавжудлигини қайд этдингиз, лекин шу билан бирга, минтақавий эгаменлик ҳам бор ва у тадқиқ қилишга муносибдир.