Сент-Эндрюс университетининг катта ўқитувчиси, доктор Филиппо Коста Буранелли Марказий Осиё мамлакатларида минтақада барқарорлик ва тинчликни сақлаб қолиш учун ишларни яқиндан мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни тушунаётган янги минтақавий тартиб вужудга келаётгани ҳақида.
Сиз регионализм соҳасида мутахассиссиз. Айни чоқда замонавий регионализм тадқиқотлари қай аҳволда экани хусусида сўзлаб берсангиз. Биз ҳозир регионализм даврида яшаяпмизми ёки глобаллашув давридами?
Мен регионализм бўйича замонавий тадқиқотлар тез-тез нодавлат акторлари, маҳаллий меъёрлар ва норасмий амалиётларни ҳисобга оляпти, деб айтмоқчиман.
2000 йилларнинг бошида бу соҳада тадқиқот олиб бораётган олимлар ўз рисолаларида халқаро муносабатларда давлатлардан каттароқ нимадир борлигини, нодавлат акторлари, бизнес доиралари, фуқаролик жамиятлари, иқтисодий акторлар, глобал меъёрлар ва трансмиллий алоқаларнинг маҳаллий талқинлари ҳам минтақаларни тузиш ва улар фаолият кўрсатишида маҳаллий ва кескин тарзда асосий рол ўйнашини англаб етадиган бўлди. Назаримда, регионализм бўйича яратилган замонавий илмий ишлар нодавлат акторлари ролини, шунинг қаторида минтақани барпо этишда норасмийлик ва “маҳаллийлик” ўйнаётган ролни тобора кўпроқ эътироф эта бормоқда.
Сўнгги етмиш йил давомида жуда яхши интеграцияга эришган Европа Иттифоқининг Европадаги тажрибасини ҳисобга олиб, минтақалар яшаб қолиши учун ўз расмий минтақавий ташкилотига эга бўлиши “зарур”. Ана шундай тафаккур қилиш йўсинига кўра ва ЕИни намуна сифатида олиб, биз Лотин Америкасидаги МЕРКОСУР, Жануби-шарқий Осиёдаги АСЕАН (Жанубий-шарқий Осиё давлатлари уюшмаси), Африкадаги Африка Иттифоқи, Араб Давлатлари Лигасини ўрганамиз. Муаммо шундаки, минтақанинг норасмий характерга эга, миқёсига кўра интеграцион бўлмаган кўплаб муҳим сиёсий ва дипломатик муносабатлари бор, улар мавжуд бўлиши учун бюрократия ва бинолар бўлиши шарт эмас. Марказий Осиёда айнан шу нарса – норасмий регионализм ва тартиб ғоялари амалга ошмоқда ва мен тадқиқотларимда шуларни ўрганяпман.
Биз худди шу нарсаларга Европа ва дунёнинг бошқа ҳудудларида дуч келган эдик. Ушбу ғоялар минтақада ҳамма тушунадиган муайян меъёрлар, қоидалар ва принциплар борлигидан далолат беради – улар норасмий механизмлар, норасмий учрашувлар, президентлар, шунингдек, бошқа акторлар: чегара агентлари, оқсоқоллар, оилалар ва трансчегаравий ҳамжамиятлар ўртасидаги норасмий [мулоқот] динамика(си) орқали амалга оширилади.
Биз регионаллашган дунёда яшаяпмизми ёки глобаллашган дунёдами, деган саволга келсак, мен ушбу икки атамани бир-бирини инкор қилувчи сўзлар деб қарамайман. Назаримда, глобализм билан регионализм ёнма-ён юради.
Лекин мен регионализмни глобализм маҳсули деб қарашга мойилман.
Муносабатларнинг глобал даражаси бўлмай туриб, минтақалар бўлиши даргумон. Назаримда, пандемия ва у сабаб юзага келган инқироз ҳаммамиз ҳозир ҳам глобаллашган дунёда яшаётганимизни кўрсатиб берди, лекин айни чоқда давлатлар ва жамиятлар глобаллашувнинг кескин оқибатларини юмшатиш учун минтақалар даражасида ҳаракат қилмоқда. Ҳаддан зиёд глобаллашув хавфи мавжуд, шу маънода минтақалар agency – ваколат ва таъсир, шунингдек, қўшнилар ўртасидаги муносабатлар ва мулоқотни яхшилаш учун сиёсат, дипломатия, иқтисодиёт соҳаларидаги жараёнлар учун масъул бўлган муҳим майдончалар ҳисобланади. Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, биз ҳам глобализм, ҳам регионализм деб тавсифланадиган дунёда яшаяпмиз. Лекин агар мендан, айни пайтда улардан қайси бири устунлик қилмоқда, деб сўрасангиз, биз минтақавий муносабатларга кўпроқ эътибор қаратилаётганини кузатяпмиз, деб айтган бўлар эдим.