Бердимуҳаммедовга “Жасур туркман” медали берилди

Мустақилликнинг 30 йиллиги шарафига, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига давлат мукофотларини топширган.

Аммо, бундан олдин, мажлис раиси Гулшат Маммедова парламент давлат раҳбарини Туркманистоннинг “Türkmen edermen” (“Жасур туркман”) медали билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилганини айтган.

Тақдирлаш ҳақидаги хабарда айтилишича, “олий қўмондоннинг мисли кўрилмаган саъй -ҳаракатлари натижасида миллий қуролли кучлар ихтиёрида замонавий ҳарбий самолётлар, вертолётлар ва бошқа ҳарбий техникаларга доимий равишда эгалик қилиб келмоқда”.

Шунингдек хабарда, “президент ҳарбий техникани, шу жумладан ўта мураккаб ҳарбий самолётларни бошқаришда мукаммал қобилият, юқори маҳорат ва жасорат намунасини намойиш этмоқда”, деб таъкидланади.

Медал ва “Türkmen edermen” (“Жасур туркман”) унвони 2019 йил декабрь ойида таъсис этилган. Бу медаль давлат мукофоти бўлиб, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига давлатни ҳимоя қилишда, қонун устуворлигини ва қонунийликни таъминлашда, айниқса муҳим ва мураккаб топшириқларни бажаришда, шунингдек алоҳида хизматлари учун белгиланган. Медал олувчиларга энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида бир марталик мукофот ҳам тўланади.