АҚШда тайёргарликдан ўтган Афғонистон разведка хизматининг собиқ ходимлари ва махсус армия бўлинмаларининг собиқ ҳарбий хизматчилари ИШИДнинг Афғонистон бўлимига қўшилмоқда, деб ёзган The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб.
Таъкидланганидек, собиқ афғон хавфсизлик бўйича амалдорларининг оммавий сафга қўшилиши Америка ва бошқа хорижий қўшинлар Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг кузатила бошланган.
ИШИДга қўшилганлар сони нисбатан кам, аммо Толибон етакчиларининг айтишича, собиқ афғон хавфсизлик ходимлари ва қочганларнинг сони ортиб бормоқда. Шуни таъкидлаш керакки, бу ёлланганлар ИШИДга разведка маълумотларини йиғиш ва уруш олиб боришда муҳим тажриба олиб келади, бу радикал ташкилотнинг Толибон устунлигига қарши курашиш қобилиятини кучайтириши мумкин.
АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилиши ва мамлакатда ҳокимият Толибон томонидан қўлга киритилишидан олдин ИШИД-Хуросоннинг афғон бўлими нисбатан маргинал террорчи ташкилот ҳисобланган. Аммо Афғонистон хавфсизлигининг эски тизими бутунлай барбод бўлгани ва янги Толибон ҳукумати ҳали шаклланишга улгурмагани сабабли, мамлакатда террорчилик ҳужумлари сони кескин кўпайди, бунинг учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олмоқда.
Маълумки, 15 октябрь куни ИШИД худкушлари Қандаҳордаги шиа масжидига ҳужум уюштирди, натижада 63 киши ҳалок бўлди, 83 киши яраланди. 8 октябрь куни Қундуздаги масжидда худкуш-террорчи портлатиб юборилди: 300 га яқин диндор, жумладан, болалар ҳалок бўлган ёки яраланган. Бундан ташқари, сўнгги бир ой ичида ИШИД жангарилари сунний диний муассасалар ва Толибон позицияларига ҳужум қилган.
Октябрь ойи ўрталарида Россия президенти Владимир Путин биргина Афғонистон шимолида икки мингга яқин ИШИД жангарилари тўпланганини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, “террорчилар етакчилари ўз таъсирини Марказий Осиё давлатлари, Россия ҳудудларига ёйиш режаларини ишлаб чиқмоқда”.