«Хориждаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқиб келиш имкониятини яратамиз»

Тошкент шаҳрида 2021 йил ноябрь–декабрь ойларида «Тошкент ёшларни севади» шиори остида ёшлар ойлиги ўтказилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилди. Қайд этилишича, анъанага мувофиқ ёшлар ойлиги 15 ноябрдан 15 декабрга қадар бўлиб ўтади. Ойлик давомида ёшлар билан 6 та йўналишда «Ёшлар спорт фестивали», «Интеллектуал лойиҳалар фестивали», «Ёшлар маданият ва санъат фестивали», «Анъанавийлик ва замонавийлик» ёшлар мода ва дизайн кўргазмалари, «Тажриба ва маҳорат» ҳамда «Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали» лойиҳалари ўтказилади.

«Францияда сервис хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган дунёнинг энг катта олийгоҳларидан бири — ‘Le Cordon Bleu’ университети бор. Жаҳондаги катта-катта ресторан ва хизмат кўрсатиш корхоналарини бошқарувчилар фақат мана шу ердан чиққан. Ана ўша ерга Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан ёшлар ойлигида энг фаол қатнашган 10 нафар ёшни ўқишга жўнатамиз. 100 фоизлик гранд асосида уларнинг бориб-келиши, яшаши, ўқиши — ҳаммасини шаҳар ҳокимлиги ўз бўйнига олади. 

Шунингдек, у ерда 6 ойлик, 9 ойлик курсларни тамомлаб, тажриба алмашиб келганларидан сўнг, Ўзбекистонга қайтиб ўз бизнесларини бошлашларига шароит, кредит ажратиб берамиз ва улар шаҳардаги энг яхши хизмат кўрсатувчи 10 та тадбиркорлик марказига айланади.

Бундан кейин совғалармиз фақат машина бериш, уй бериш бўлмайди. Чет элдаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқиб келиш имкониятини яратамиз. Машина ҳам тез бузилади ёки сотилади. Лекин улар ўрганиб келгани то ёши улғайгунга қадар ўзларида қолади», — деди шаҳар ҳокими.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, бу йўлланма эгалари қай тартибда аниқланиши ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигида маълум шартлари асосида белгилаб чиқилади.