Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ташқи сиёсатининг геосиёсий жиҳатлари

Шундан келиб чиққан ҳолда Афғонистондаги ҳукумат ва шаклланган вазиятга Ўзбекистон Республикасининг  тутган сиёсати жуда қизиқарли. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг Афғонистондаги вазиятга нисбатан юритаётган сиёсати бундай сиёсатнинг бир нечта жиҳатларини намойиш этади. 

Ўзбекистон Республикаси СМТИ (ИСМИ) вакилининг фикрига кўра, 1990 йилларда Толибон ҳаракатини яккалаш сиёсати ўзини оқламаганлигини кўрсатмоқда.[14]  Эксперт фикрига кўра, юзага келган вазият ва аввалги йиллар тажрибаси Афғонистоннинг янги  ҳукумати билан конструктив мулоқотларни давом эттиришни тақозо этмоқда. Бундай ёндашув асосида янги ҳукуматни халқаро жамият қонунларини инкор этмаган ҳолда қўшнилар билан ўзаро тинч-тотув яшашга интилувчи кучга трансформациялаш имконини беради, деган ишончлар бор. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон ҳукумати Толибон ҳаракати билан анчадан бери музокаралар олиб бормоқда ва АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши ушбу жараённи янада тезлаштирди.

Афғонистондаги вазият ва жараёнларга нисбатан[15], Ўзбекистоннинг тутган позицияси ва сиёсатнинг амалга оширилишини тўлақонли сиёсий реализм назариясига киритиш мумкин.[16] Бундан ташқари, бундай позицияни нафақат Ўзбекистон, балки Европанинг баъзи мамлакатлари (Россия, Беларусь) ва Осиёнинг (Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, БАА, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқалар) бир қатор мамлакатлари эгаллаган. Ўзбекистон томонидан бундай сиёсат юритилиши муайян натижаларни бермоқда. Буни “Толибон” ҳаракати бошчилигидаги ҳукуматнинг хавфсизлик борасидаги Ўзбекистон ҳукуматига берган кафолатлари, ўзбек халқининг буюк намояндаларининг мақбаралари тикланиши ва ободонлаштирилиши, иқтисодий-ижтимоий лойиҳалар,  жумладан, Термиз-Мозори-Шариф-Қобул-Қарачи Транс-Осиё темир йўл лойиҳасини тезлик билан давом эттириш бўйича тайёргарлигида кўриш мумкин[17].

Бугунги кундаги реал ҳақиқат ва вазият шундан иборатки, Марказий Осиё минтақаси қийинчилик билан бўлса-да, «land lock area» (континентал даражада ёпиқ макон) мақомидан чиқмоқда, транспорт-логистик жиҳатдан очилмоқда, шу билан бирга, турли ташқи кучларнинг фаол рақобат объекти сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, бу ерда бир-бирига мос бўлмаган ва баъзида қарама-қарши бўлган, ЕОИИ, Хитойнинг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Бир йўл, бир макон” лойиҳаси, АҚШнинг “С5+1”, ЕИнинг кенгайтирилган ҳамкорлиги, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши каби стратегик йўналиш ва лойиҳаларни алоҳида қайд этиш зарур.[18] Бундай реалликнинг вужудга келиши бир қанча муаммо ва зиддиятлар билан бир қаторда географик ўрни қулай, муайян ресурсларга эга бўлган, оқилона  сиёсат юрита оладиган давлатлар учун аксинча, кенг имкониятлар яратади.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кейинги жиҳати бир нечта ўзаро боғлиқ бўлган ва бир-бирини тўлдириб турувчи устувор йўналишлар, ёндашувлар ва омилларга эга, яъни:

– геосиёсий: глобал давлатлар ўртасида геосиёсий курашларнинг оқибатларини камайтириш ва янги “катта ўйин” (“big game”)ни бошлашга бўлган ҳаракатларнинг олдини олиш, беқарорликнинг мамлакатдан ташқарига чиқишига йўл қўймаслик;[19]

– хавфсизлик ва сиёсат: Афғонистон фуқароларининг, жумладан, ўзбек миллатига мансуб аҳолининг хавфсизлиги ва сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш (мамлакат аҳолисининг 9%дан ортиғи);[20]

– ижтимоий: Америка ҳарбийлари чиқиб кетиши ва Афғонистон иқтисодиётини молиялаштириш тўхтатилганлиги билан боғлиқ гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш (Афғонистонга молиявий ёрдам оқимлари 2009 йилда 100%ни ташкил этган бўлса, 2020  йилга келиб 42,9%гача камайди);[21]

– иқтисодий: Афғонистон бозори Ўзбекистон учун йирик экспорт бозорларидан бири ҳисобланади. Хусусан, биргина 2020 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатга экспорти 776,7 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Ваҳоланки, импорт ҳажми 334 маротаба кам бўлиб — бор-йўғи 2,3 млн. долларни ташкил этди. Шунингдек, 2023 йилга қадар Афғонистон билан ўзаро товар айланмасини 2 млрд. долларга етказиш кўзда тутилган эди.[22] Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айланмасининг ўсиши ҳар икки давлат учун ҳам ўта фойдали бўлиб, бу сўнгги йилларда иқтисодий жиҳатдан жадал ўсаётган Ўзбекистон учун минглаб қўшимча иш ўринлари деганидир. Бугунги Ўзбекистон учун ҳар бир ишчи ўрни ўта муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон позициясининг геосиёсий жиҳати шундан иборатки, мамлакат геостратегик ўринга эга бўлиб (географик детерминизм), аста- секинлик билан Евроосиёнинг стратегик жиҳатдан муҳим минтақаларига “дарвоза” сифатида трансформацияланмоқда.[23] Бундай ҳолат, ўз навбатида, минтақа доирасида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини муҳофаза қилиши ва мустақил сиёсат юритиши учун[24] зарур геостратегик ўринга (географик детерминизм), жумладан, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятга эга эканлигидан далолат беради.

Амалиётлар шуни кўрсатмоқдаки, Афғонистон муаммоларини ҳарбий куч асосида ечиш муваффақиятсиз якунланди ва асосга эга эмас. Шулардан келиб чиққан ҳолда толиблар билан “юмшоқ куч” (power soft) ёрдамида олиб борилаётган конструктив музокаралар (Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар мисолида) Афғонистон аҳолисининг ҳаёти хавфсизлиги ва фуқаролик ҳуқуқларини таъминлаш имконини бермоқда, шу жумладан, ўзбек диаспораси вакиллари учун ҳам.

Мамлакатдаги бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда барча мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг асосий вазифаларидан бири мамлакатдаги гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш вазифаси бўлиши керак. Ваҳоланки, инсон ҳаёти ҳақида гап кетганда (бу ерда эса миллионлаб инсонлар ҳаёти тўғрисида, жумладан, аҳолининг энг заиф қатлами ҳисобланмиш болалар ва аёллар ҳақида сўз бормоқда) барча мамлакатлар ва кучлар учун миллий манфаатлар, амбиция ва тамойилларни четга суриб туриш ўта муҳим. Ўзбекистон олдида эса жаҳон ҳамжамиятининг гуманитар ўзаро ҳаракатни интенсивлаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси турибди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистондаги вазиятга нисбатан юритаётган сиёсати ва географик ўрни мамлакатдаги гуманитар ҳалокатнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларнинг мувофиқлаштирувчиси ва етакчисига айланиши учун шароит ва имкониятлар яратмоқда. Бу эса Ўзбекистон учун ушбу мамлакатда ҳарбий йўл билан эмас, балки тинч йўл билан ўз таъсирини сақлаб қолиш имконини кучайтиради.

Шулардан келиб чиққан ҳолда муаллиф фикрига кўра, Ўзбекистон ҳукумати гуманитар акцияларни тизимли асосда давом эттириши зарур. Шунингдек, Афғонистон ҳудуди ҳамда чегара олди зоналарида аёллар ва болаларга тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббий марказларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Тизимли равишда бундай сиёсатнинг олиб борилиши бир нечта долзарб масалаларни ҳал қилиш имконини яратади:

– Афғонистондаги тинч аҳоли очарчилик ва касалликлардан ҳалок бўлишининг олдини олиш ва гуманитар ҳалокатни камайтириш;

– “юмшоқ куч” (softpower) воситаси орқали Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини ошириш;

– “Афғон ҳалқини қутқариш” деб номланган халқаро ҳаракатнинг мувофиқлаштирувчиси ва етакчисига айланиш, транспорт-логистика марказига айланиши;

– тайёр ва қадоқланган озиқ-овқат тўпламларини етказиш орқали мамлакатимизда қўшимча иш ўринларини яратиш;

– Афғонистон ҳудудидан ўтадиган, Марказий Осиё давлатларини Жанубий Осиё билан боғловчи Транс-Осиё стратегик темир йўли қурилишини давом эттириш, «Сурхон — Пули-Хумри” ЭТЛ каби инфратузилмавий лойиҳаларни якунига етказиш.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги устувор йўналишларидан бири –   Афғонистонда маҳаллий маҳсулотлар савдосини сақлаб қолиш ва Марказий Осиёнинг транспорт-логистика марказига айлантиришдан иборат. Ўзбекистон жаҳондаги глобал пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қолган жаҳондаги саноқли мамлакатлардан бири бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш ҳар қандай геосиёсий шароитларда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Америкадан сўнгги Афғонистонда ўзининг устувор йўналишларини белгилаб олганлигини қайд этиш лозим. Бу йўналишлар нафақат Ўзбекистон манфаатларини акс эттиради, балки халқаро меъёрларга мос бўлиб, Афғонистоннинг тинч аҳолиси манфаатларига ҳам мос келади. Бундай позиция бирданига бир нечта вазифаларни ечиш имконини бериши билан бирга ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистон манфаатлари устун бўлиши зарурлигини ва мамлакат учун сиёсий реализм (political realism) концепцияси асосида сиёсат юритилиши мақсадга мувофиқ эканини ҳам англатади.

Хитой – Ҳукумат миллий яшил энергия ишлаб чиқаришни оширишга оид ваъдаларни бажаришга ошиқар экан, бу – калтакланган, ўз ерларидан қувилган, пулга чув тушган ва ҳатто сохта айблов билан ҳибсга олинган хитойлик фермерларга қимматга тушмоқда.

Хитой яқинлашиб келаётган 2022 йилги Қишки олимпиада дунёда илк марта фақат шамол ва қуёш энергиясига таянган ҳолда ўтказилишини ваъда қилган ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида кўплаб иншоотлар барпо этган, аммо фаолларнинг огоҳлантиришича, оддий халқ бу жараёндаги ерларни тортиб олиш ҳолатларидан азият чекмоқда.

Қуёш электростанциялари қурилиши туфайли ерларининг ярмидан кўпини йўқотган Пекин яқинидаги қишлоқда яшовчи Лонг оиласининг даромади шу даражада тушиб кетганки, қишда уйни иситиш учун жўхори пўстлоғи ва полиэтилен пакетларни ёқишга мажбур бўлишган.

«Энергетика компанияси ерни 25 йилга ижарага олар экан, бизга ҳар йили ҳар бир му учун бор йўғи 1000 юан беришни ваъда қилишган», дейди Хуанцзяо қишлоғилик фермер Лонг тахминан 667 кв. метрга тенг Хитой ўлчов бирлигини назарда тутиб.