Тожикистон ва Ўзбекистон автобус қатновини тўлиқ тикламоқчи

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукумати автобус ва автомобиль транспортини тўлиқ тиклашни режалаштирмоқда

Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари халқаро автомобиль ташувлари бўйича қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказди.

Учрашув 12 январь куни Тошкентда бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги.

Қайд этилишича, томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган.

Делегациялар мазкур йўналишда имзоланган қўшма шартномалар ижросини таҳлил қилган.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги коронавирус пандемияси туфайли икки давлат ўртасида тўхтатилган автобус қатновини қайта тиклаш мавзусига ҳам тўхталиб ўтганини таъкидлади.

“Ўзбекистон-Тожикистон-Хитой транспорт коридорини ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги автобус қатнови 1992 йилда Тожикистон ҳудудида бошланган фуқаролар уруши туфайли тўхтаб қолган эди.

26 йиллик танаффусдан сўнг автобуслар 2018 йил 15 майдан қатновни бошлади. Бироқ, 2020 йил 16 мартдан бошлаб, коронавирус пандемияси сабабли транспорт қатнови яна тўхтатилди. 1 сентябрдан бошлаб чекловлар босқичма-босқич олиб ташланган эди.