Украина – Россия: қандай воқеалар кузатилмоқда?

📌Украина ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Антон Геращенконинг айтишича, Россия мудофааа вазири Сергей Шойгу инфарктни бошдан кечирган, шунинг учун у март ўрталаридан буён расмий тадбирларда кўринмади. Бироқ, Россия матбуот котиби Песковнинг маълум қилишига кўра, “Украинада махсус ҳарбий операциялар кетаётган вақтда Шойгунинг медиа чиқишлар учун вақт ажратиши ақлга сиғмайди” дея Шойгунинг жамоатчилик олдида кўриниш бермаганига изоҳ берган.

📌Россия Федерацияси молиячиларнинг мамлакатдан кетишини тақиқлади. Буни ифодаловчи қонун лойиҳасида банкирлар, суғурта компаниялари раҳбарлари ва нодавлат пенсия жамғармалари учун Россиядан чиқиб кетиш ҳуқуқини чеклаш назарда тутилган.

📌Франция президенти Мариуполда шаҳарни тарк этмоқчи бўлган тинч аҳолини эвакуация қилиш бўйича “алоҳида гуманитар операция” ўтказилишини эълон қилди. Макрон яқин кунларда бу масалани Путин билан муҳокама қилади.

📌БМТ Украинадаги биолабораториялар ишини текшириш натижаларини тақдим этишини маълум қилди. Бу масалада Хитой ҳам катта қизиқиш билдирмоқда (бу ҳақда сайтда таҳлили материал эълон қилинган).

📌Шолцнинг таъкидлашича, Германия рус газидан кутилганидан ҳам тезроқ воз кечишга қодир. Бироқ, айни вақтда рус газидан воз кечилиши нархларни кўтарилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин деб изоҳ берган.

📌Путин Украинадаги махсус операция иштирокчилари учун фахрийлар мақомини бериш ва уларга катта дароматли бонуслар бериш тўғрисидаги қонунларни имзолади.

📌Медведев хорижий компаниялар Россияга албатта қайтишига ишонишини маълум қилди. Шунингдек ҳозирги вазиятда Россия ҳукумати томонидан олиб бораётган сиёсатга қарши чиққанларни хоинликда айлади.

📌Медведев Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкин бўлган 4 та ҳолатни айтиб ўтди:

— унинг ҳудудига ядро қуроли ёрдамида ҳужум қилинганида;

— Россия ёки унинг иттифоқчиларига қарши ядро қуролидан фойдаланилганда;

— агар муҳим инфратузилмага тажовуз бўлса, бунинг натижасида Россиянинг ядровий тўхтатувчи кучлари фалаж бўлади;

— Россия ёки унинг иттифоқчиларига қарши тажовуз содир бўлган тақдирда, бунинг натижасида мамлакатнинг мавжудлиги таҳдид остида бўлади.

Матбуот котиби Песков эса Россия ядро қуролидан фойдаланиши мумкинми дея берилган саволга “ҳа” деб жавоб берган эди.

📌Уруш бошланганидан бери Украинадаги отишмалар саккизта минтақада камида 59 та тарихий аҳамиятга эга бинога зарар етказган.

📌Жанубий Осетия аскарлари Россия томонида жанг қилиш учун Украинага боради. Бу ҳақида ҳудуд раҳбари Анатолий Бибилов маълум қилди.

📌Львовда кучли портлашлар юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, Львовдаги портлашлар оқибатида нефт омбори ёнмоқда.

📌Агар Россия қўшинлари Украина ҳудудини тарк этса ва Москва келажакда агрессиядан воз кечишини исботласа, Россиядан санкциялар олиб ташланиши мумкин, деди Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс. Унга кўра, агар тажовуз қайта бошланса, санкциялар дарҳол қайтарилади.

📌 Зеленский:“Украина бетарафлик бўйича референдум ўтказиши мумкин. Лекин бунга вақт керак.”