Британияда юзлаб гектар майдондаги ҳосиллар қолиб кетмоқда

Британиянинг Кент графлигида юзлаб гектар салат майдонлари исроф бўлди. Сабаб – кетма-кет икки йилдан бери ҳосилни йиғадиган одам йўқ. Мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг маълумотларига кўра, бу йилги ҳосилнинг 15-20 фоизи – 150 тоннага яқини нобуд бўлган.

“Вrexit”дан олдин ҳосилни йиғишда иштирок этган Шарқий Европадан келган ишчилар бу йил қайтиб келмаган. Шунинг учун фермерлар мавсумий ишчиларни анча узоқроқдан, яъни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан қидиришга мажбур бўлди. Меҳнат биржалари орқали ҳосилни йиғиб олиш таклифига бирорта британиялик ҳам жавоб бермаган.

Мавсумий ишчилар дастури қишлоқ хўжалиги ходимлари учун қисқа муддатли визалар таклиф қилмоқда. Ушбу дастур шарофати билан Британия ишлаб чиқарувчилари бу йил 30 минг меҳнат муҳожирини ишга олиш имкониятига эга бўлди. Керак бўлса, яна 10 минг нафар ишчини ишга олиш имконияти мавжуд. Ҳукумат қўшимча ишчиларни киритишга ҳали рози бўлмаяпди – фермерлар бу муаммони кеч бўлмасдан тезроқ ҳал қилиш кераклигини айтишмоқда.

Буюк Британия ҳукумати қишлоқ хўжалигидаги меҳнат муаммосини тан олишини ва мавсумий ишчилар учун визаларни 2024 йил охиригача узайтиришини маълум қилди, деб хабар беради Euronews.