“Инсон – жамият– давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро конференция

2022 йил 20 июнь куни Урганч шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия иш режасига биноан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида “Инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойилини амалга ошириш: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Конференциянинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият эканлиги тамойили ҳамда “Давлат – инсон учун” ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилади” деган эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича миллий ва илғор хорижий тажрибани ўрганиш, муҳокама қилиш ва мазкур тамойилларни конституциявий қонунчилик ва амалиётда мустаҳкамлаш борасида ҳар томонлама асосланган таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Офлайн ва онлайн форматларда ўтказилган мазкур халқаро тадбирда
дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатлари вакиллари, 300дан зиёд миллий экспертлар, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, академик ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш лозимки, конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори, том маънода, – бу мамлакатимиз фуқаролари.Лекин, унинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевдир. Зеро, у сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли, тизимли ва шиддатли ислоҳотларга таянади ва уларнинг ўзига хос натижаси, демократик индикаторларидан бири ҳисобланади. “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли фундаментал китобда халқимиз иродаси, орзу-умидлари ва хоҳиш-иродасини инобатга олиб, конституциявий ислоҳотнинг устивор йўналиши кўрсатиб берилган. Зеро, мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли демократик ислоҳотларни ўзаро боғлаб, жипслаштириб турувчи ўзагини – айнан “Инсон қадри учун” ғояси, ҳар қандай шахснинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқларини жойига қўйиш, улуғлаш ғояси ташкил этади.

Халқаро анжуман давомида бугунги кунга қадар конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш юзасидан халқимиз, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар аҳолиси томониданКонституциявий комиссияга 40 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлиги қайд этиб ўтилди.Ушбу таклифлар жамият ва давлат ҳаётининг барча ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳаларини қамраб олган.

Конституциявий комиссия ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни конституционализмнинг ривожланиши борасидаги илғор халқаро тажрибани чуқур ўрганиш асосида кўриб чиқилаётганлиги ва бирор бир таклиф ва мулоҳаза эътибордан четда қолмаётганлиги, таклифлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради, деган нуқтаи назар бўйича ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинаётганлиги ҳақида батафсил сўз юритилди.

Бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Халқаро анжуманнинг “Инсон қадр-қимматини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари: халқаро ва миллий тажриба” мавзуси бўйича, жумладан, Жан-Антуан Дюпра – Европада хавфсизлик ва прогнозлаш институти эксперти (Франция), Пол Политис – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вақтинчалик вакили, Мария Людовика Ботарелли – Европа аёллар лоббиси Италия мувофиқлаштирувчи қўмитаси президенти (Италия) каби экспертлар ўз маърузаларида ушбу соҳадаги халқаро тажриба ҳақида фикр алмашдилар.

Муҳокамалар давомида бугунги кунда инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – барча Ўзбекистон фуқароларинг қалбидан чуқур жой олиб, уни ҳаётга татбиқ этиш умуммиллий ҳаракатига айланиб улгургани ва энг муҳими, уларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани, фуқароларнинг Ўзбекистондаги шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ортиб, юксалиб бораётгани миллий ва хорижий экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Унда хусусан, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришга йўналтирилган кенг қамровли, шиддатли, аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилган демократик ислоҳотлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Халқаро анжуман давомида экспертлар томонидан “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда янги “Инсон – шахс – жамият” парадигмасини ҳаётга изчил татбиқ этиш таклифи жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилиниб борилиётгани, ҳамда ушбу ғоялар мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг ўзагини ташкил этиши, турли йўналишлардаги тарихий янгиланишларни ўзаро боғлаб тураётгани ҳақида фикр алмашдилар.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз тарихида сифат ва мазмун жиҳатдан янги тараққиёт даври бошланганидан далолат беради. Бу янги даврнинг энг муҳим ва устувор хусусиятлари, аввало, мамлакатимизда давлат ва бошқарув органлари, барча раҳбарлар бундан буён ўз фаолиятини “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил асосида олиб бориши, уларнинг барча куч ва имкониятлари адолатли жамият ва ижтимоий давлат қуриш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганида акс этади. Зеро, “инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди, улар бир-бирини тақозо этади ва ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Анжуман иштирокчилари халқимиз ва дунё ҳамжамияти бугун юртимиз нафақат ижтимоий, балки адолатли жамият сари илдам қадам ташлаётганини ва бунда фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилгани, давлатнинг ижтимоий масъулияти тобора ортаётгани, ижтимоий ҳимояга ва моддий ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг ҳеч бири назардан четда қолмаётгани, айниқса, пандемия даврида яна бир бор намоён бўлгани ҳақида бахс юритдилар.

Шунингдек, форумнинг мазкур сессиясида “Конституциявий ислоҳот: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш” мавзуси бўйича миллий ва хорижий экспертлар “Қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашда депутатларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигига оид конституциявий-ҳуқуқий асосларни ривожлантириш”, “Конституциявий ҳуқуқ ва жамоатчилик назорати институтини мустаҳкамлаш”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар фаолияти самарадорлигини ошириш” каби мавзуларда маърузалар қилдилар.

Муҳокама давомида, жумладан, маърузачилар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиниши ва қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги; ҳар бир шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги; ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг даҳлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга бўлиши; мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, мулкдан фойдаланиш атроф муҳитга зарар етказмаслиги борасидаги долзарб масалалар бўйича қизғин бахс-мунозаралар бўлди.

Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқнинг орзуси, эзгу истаги олий мақсади бўлган том маънодаги инсонпарвар ва адолатли, эркин ва демократик, обод ва фаровон, дунё мамлакатлари билан ҳар томонлама рақобатбардош мустақил давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти экани таъкидлаб ўтилди.

Халқаро анжуманда Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари ва давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” ва ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур масала бўйича “Давлат – халқ учун” ғояси, шунингдек, ижтимоий ва хизмат кўрсатишга асосланган давлат концепциясини амалга ошириш бўйича Европа давлатларининг илғор тажрибаси, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини ҳаётга татбиқ этишнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш” каби мавзуларда қатор маърузалар тингланди.

Халқаро ва миллий маърузачилар Ўзбекистонда адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўналишида фуқароларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва сайъ-ҳаракатлар ўз мевасини бераётгани устида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришнинг конституциявий асосларини янада такомиллаштириш масалалари бўйича асосланган таклифлар қизғин муҳокамадан ўтди.

Шу билан бирга, халқаро конференция якуни бўйича Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш  бўйича Конституциявий комиссияга тегишли таклиф ва тавсиялар тайёрланди.

Халқаро анжуман якунида хорижий давлатлар ва Ўзбекистон конституциявий тараққиётининг қиёсий таҳлили ҳамда халқаро конференция иши давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида Урганч декларациясининг лойиҳаси қабул қилинди.