Биз Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқаришимиз лозим эди

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Барногул Санакулова:

Қорақалпоғистонда бўлиши мумкин бўлган ҳолатни январь ойида Қозоғистондаги воқеалардан биз сабоқ чиқаришимиз, диққат билан бу “схема”ни ўрганиб, тегишли тадбирларни амалга оширишимиз кераклигини ва айнан шу “схема” биринчи Қорақалпоғистонда ишлатилиши мумкинлигини ёзгандим, негадир ўшанда мендан айнан шу постни ўчириш илтимос қилинган эди, минг афсуски ҳақ бўлиб чиқдим!

Бугунги баёнот тўғри қабул қилинди, аммо муаммо ечилмади, фақатгина “портлаши секинлаштирилган бомба” режимига ўтказилди, холос. Қачон портлашини эса Қорақалпоғистонга махсус экспертлар гуруҳи ташланиб, аҳоли “кайфияти ва ҳолати” ичидан жиддий аналитика қилинса, ўрганилса портлаш вақтини ҳам прогноз қилса бўлади…

Бугунги ҳолатдан шахсан ўзим учун чиқарган хулосаларим:

  • 1. Конституциявий ислоҳотлар чуқур тадқиқотлар ва аналитикасиз бошланган. 71, 72, 74, 75 моддаларга ўзгартириш киритиш таклифини берганлар рисклар таҳлилини амалга оширмаган, антикризис жараёнлар учун сценарийлар тайёрланилмаган. “Бўлди тушундик, бу моддаларни ўзгартирмаймиз” дейиш учун ҳеч қандай таҳлил ва катта мия шартмас аслида.
  • 2. Конституциявий ислоҳотларга нисбатан халқ кайфияти тадқиқ этилмаяпди, демак, бундай аналитика юритилганда эди, реформаторлар бундай қалтис “таклиф”ни олға суришмаган бўлар эди. Қорақалпоқдаги ҳолат бугун исталган ҳудудда юз бериши мумкин, чунки бирламчи эҳтиёж манбалари бўлган газ, сув, электр энергия, солиқ тизимидаги “янгилик”лар, кундан кун камбағаллашиб, молиявий аҳволи оғирлашаётган, ишсизлик, пандемиядан кейинги руҳий тушкунлик кайфияти фонида бундай ҳолатларни ташкил қилиш анча осон ва арзон.
  • 3. Қорақалпоғистондаги ҳозирги ҳукумат элита бўлиб олиб, ўз халқидан анча узоқлашган, ҳақиқий лидер позицияда эмас экан, халқ эргашадиган ва гапини эшитадиган кучга эга эмаслиги кўриниб қолди, ислоҳотларни тўғри етказиб бера олмагани, 73 модда ўзгартириладиган моддалар орасида аслида йўқ эканлигини ҳатто тушинтира олмади. Демак ёш ватанпарвар, йигит қизларга ставка қилиб, янги чеҳраларни майдонга олиб кириш керак. Намойишга чиққанларнинг деярли барчаси ёшлар, демак лидерларни ёшларни ичидан олиш керак. Президентнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар айнан маҳаллий ҳукуматнинг таклиф – ҳоҳиши бўлган, демак бу ҳукумат ўз халқини хоҳиш истагидан бехабар. Халқдан узоқлашган.
  •  4. Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш муддатларини чўзиш, халқ ишончини бу ислоҳотларга нисбатан ошириш керак. Акс ҳолда, салбий эффект бериши ҳамда ҳудудларда кўтарилишлар бошланиши мумкин.
  • 5. Бугунги амалга оширилаётган ислоҳотлар йўл йўлакай, охиригача ўйланмаган, ишланмаган, стратегик жиҳатдан турли рисклар таҳлили амалга оширилмаган, натижавига асосланмаган тарзда амалга оширилаяпди экан. Буни охирги вақтларда қарорлар қабул қилиниб, кейин тўхтатилиши, ёки номаълум муддатгача музлатилишидан гувоҳ бўлиш мумкин.
  • 6. Президент имиджини кўтаришда ўта майда чуйда “ход” ларга ставка қилиниши орқали аксинча имиджни салбий томонга оғишига олиб келмоқда. Буни тонировка, амалда ишламайдиган шартлар асосида турли “имтиёзлар” пакетини эълон қилинишлари, твиттер, тик токни очилиши… Аслида бу масалалар президент даражасида ҳал қилиниши, президентнинг сиёсий иродаси талаб этиладиган муаммолар эмас!
  • 7. Ҳукуматда, айнан президент атрофида охиригача уйланмаган, сиёсий ишлов берилмаган, кризисли ҳолатларни юзага келтириши мумкин бўлган, шундай ҳолат юзага келганда ечим бера олмайдиганлар кўп ва энг таҳликалиси уларга қулоқ солишлари экан.

Нима қилиш керак?

  • 1. Ишсиз ёшлар билан жиддий ишлаш керак жойларда, ҳокимларни баланд парвоз ёлғон ҳисоботларига умуман ишонмаслик, ҳудудлардаги ишсизлик ҳолатини аниқлашда кўнгиллилар маълумотларини ўрганиш линияларини очиш, шу орқали жамоат назоратини ўрнатиш, ҳудудларнинг ҳақиқий иқтисодий картинасини чизиб олиш керак.
  • 2. Ҳудудларда халқ ичидан чиққан ёш активистларга ставка қилиш, уларни тизимли тайёрлаш, Қорақалпоғистон «кейси» мисолида, шундай ҳолат юз берганда бу активистлар ўзини қандай тутиши, халқни ичига кириб бориши, фитна ўчоқларини аниқлаш рецептурасини уларни миясида шакллантириб қўйиш керак. Уларга шеър, қўшиқ, баланд парвоз гапларни ёдлатиш эмас, уларни полит техника усулларига тайёрлаш лозим. Бундай ўқув машғулотлари ҳеч қаерда ўтказилмайди бизда (махсус хизматлардан ташқари).
  • 3. Конституциявий комиссия таркиби қайта кўриб чиқилиши, шу кунга қадар “провал” бўлган “ислоҳотлар” ни муаллифларини ҳаммасига жавоб бериш, командадан кетказиш керак. Улар бундай таклифларни бериш орқали стратег эмаслиги ёки президент имиджини туширишга ҳаракат деб баҳоланиши керак.
  • 4. Референдум орқали бу масалага узил кесил нуқта қўйилиш масаласи кун тартибида бўлиши керак. Акс ҳолда бу “портлаши секинлаштирилган бомба” режимида қолиш билан бирга, ташқи кучларга “фойдали” факт бўлиб қолаверади. Вақт омилида эса Қорақалпоқнинг ўз активистлари, илм аҳли, ҳақиқий лидерлари орқали мустақиллик уларга аслида ҳеч қандай наф бермаслигини, иқтисодий молиявий, экологик ва территориал фактлар нуқтаи назаридан олганда улар фойдасига ишламаслиги, ташқи кучларга молиявий қарамлиги уларни алал-оқибат қашшоқ ҳудудга айлантириши, тинчлик бузилиши, мавҳум келажак кутиши, реал ҳисоб китоблар, фактлар, кейслар билан тушунтирилиб, тарғибот тадбирларига старт берилиши керак.