Хотин-қизлар ҳуқуқларининг жаҳон конституцияларида акс этиши

“Жаҳон конституцияларида хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидаларнинг акс этиши” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ташкиллаштирилди.

Жамоатчилик эшитувининг мақсади – Ўзбекистон ва хорижий давлатлаларнинг аёллар, хотин-қизларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, соҳанинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш борасидаги тажрибаси борасида ўзаро фикр алмашиш ҳамда шу асосда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасига тегишли таклифлар ишлаб чиқиш.  

Иштирокчилар сўнгги йилларда гендер тенглик масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида эътироф этдилар. Бунда, авваламбор, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масалаларига оид 40дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги муҳим янги қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон хотин-қизларни камситиш ва таъқиб қилишнинг барча шаклларидан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни назарда тутувчи барча асосий халқаро шартномаларга қўшилди.

Меҳнат кодекси ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига хотин-қизлар учун тақиқланган касбий фаолият соҳаларини қисқартириш, қонунчиликдаги гендер-ассиметрик қоидаларни бартараф этишга қаратилган қўшимчлара ва ўзгартиришлар киритилди. Муҳими, ушбу қонунларни ишлаб чиқишда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссар бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти каби БМТ тузилмалари мутахассислари иштирок этдилар.

Шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси, Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг қабул қилиниши ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосларини тубдан мустаҳкамлади ва тегишли тизимли фаолиятни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг институционал асослари янада мустаҳкамланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида алоҳида қўмита, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси янгитдан ташкил этилди ва фаолияти йўлга қўйилди.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, даромадларини кўпайтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш каби масалаларни хал этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, дастурлар ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, мутасадди ташкилотлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилиши устидан самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жамоатчилик эшитувида бугунги кунда Ўзбекистон бошқарув тизимида аёллар улуши 33 фоизга етгани, 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилгани алоҳида эътироф этилди. Ташкилот ва корхона рахбарларининг ўртача 45,3 фоизи – аёллардир. Хотин-қизлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда фаолият юритаётганларнинг 82 фоизини, фан, таълим, маданият, санъат соҳасида 72, қишлоқ хўжалигида 45, тадбиркорлик субъектларининг 29 фоизини ташкил этади.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган тамойил асосида биргина 2021 йилда 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. 18 мингта аёлларга уй-жой харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатларини бюджетдан қоплаш тартиби жорий этилди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 триллион сўмдан зиёд кредит ва субсидиялар ажратилди. Натижада 320 мингдан ортиқ хотин-қизлар доимий иш ва даромадга эга бўлдилар, аёл раҳбарлар бошқарувидаги кичик корхона ва микрофирмалар сони 36,4 мингдан ортди. Уларнинг соф даромади 2020 йилга нисбатан 7 трлн сўмга ошиб, 22,6 трлн сўмни ташкил этди.

Ўзбекистон ушбу соҳада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйганлиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги БМТ Конвенцияси (CEDAW), Вена декларацияси, Пекин декларацияси ва ҳаракатлар платмормаси доирасида БМТнинг тегишли конвенциявий ташкилотларига халқаро мажбуриятларининг ижроси юзасидан даврий (жрий йилда – олтинчи) ҳисоботларини тақдим этиб келмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва эришилган марралар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Парламентлараро иттифоқ, Жаҳон банки томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этгани холда, парламентдаги хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 37-ўринга кўтарилди. “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида 45–ўринни эгаллади.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари Ўзбекистонда эришилган марраларни эътироф этган ҳолда, соҳанинг конституциявий-ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш хозирги давр, замонамизнинг талаби эканлигини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, хотин-қизлар ва эркакларнинг барча иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ташкилот ёки корхона томонидан жинслар ўртасидаги камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш, хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг оила ҳамда меҳнат вазифалари ўртасида мувозанатни сақлашда муаммоли ҳолатлар хануз учраб тургани кўрсатиб ўтилди. Бу эса, хотин-қизлар ҳуқуқларини конституциявий асосда белгилашни тақозо этади.

Иштирокчилар, шунингдек, 1990-2015 йилларда дунё мамлакатларида амалга оширилган конституциявий ислоҳотларда иштирок этган хотин-қизлар улуши 19%ни ташкил этган бўлса, 2018 йилда ушбу кўрсаткич 26%га етганига эътибор қаратдилар. Шу маънода конституциявий ислоҳотни амалга оширилишида қуйидаги икки омилга:

биринчи омил, ислоҳотлар натижасида хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясининг кучайтирилиши;

иккинчи омил, аёллар, хотин-қизлар, уларнинг жамоат бирлашмаларининг конституциявий ислоҳотлардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидладилар.  

Жумладан, Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 18-моддасида “барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг”лиги, 46-моддасида эса “хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли”лиги белгилаб қўйилган ҳолда, Конституциявий қонун лойиҳасидаги қуйидаги янгиликларнинг аҳамияти алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Биринчи гуруҳ янгиликлари, Конституция Муқаддимасида ўз аксини топган:

• халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари устуворлигини эътироф этилиши;

• ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати, фаровонлиги ҳамда манфаатлари тўғрисида ғамхўрлик қиладиган, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ҳамда мустаҳкамлашнинг мақсад қилиб олиниши;

• демократия ғояларига, ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик каби қадриятларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши.

Иккинчи гуруҳ янгиликлар, Конституция 37-моддасининг янги таҳририда намойиш бўлади:

• ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги;

• меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги;

• ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши;

• ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилмоқда.

Натижада аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилишига эришилади.

Учинчи гуруҳ таклифларни Конституция 63-моддаси янги таҳририда кўриш мумкин:

• оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлиши;

• никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши;

• давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши ҳамда кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар бериши мустаҳкамланмоқда.

Жамоатчилик эшитуви иштирокчилари ушбу вазифалар ва Конституциявий қонун лойиҳасидаги “ижтимоий давлат қуриш”га қаратилган бошқа янгиликлар ҳам Янги Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш сиёсатининг устувор йўналишларига мослигини таъкидладилар.

Бир пайтнинг ўзида, халқаро жамоатчилик эшитуви иштирокчилари хорижий давлатлар Конституцияларида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоялашга оид, ҳусусан қуйидаги қўшимча нормалар ҳам мавжудлигига эътибор қаратдилар:

• аёллар ҳаётнинг барча жабҳаларида, сиёсий, иқтисодий, маданий, ижтимоий ва оилавий ҳаётда эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эгалиги, давлат хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, эркаклар ва аёлларга тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш тамойилини қўллаши;

• эркаклар ва аёллар оилада, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда ҳамда таълим, меҳнат ҳамда ижтимоий таъминот, давлат мукофотларини олишда тенг ҳуқуқларга эгалиги;

• ҳар бир аёл тўлиқ ва тенг инсоний қадр-қимматга эгалиги, бу сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятда тенг имкониятларни ўз ичига олиши, аёллар болаларнинг васийлиги ва ҳомийлиги бўйича эркаклар билан бир хил ҳуқуқларга эгалиги ва Парламент бу ҳуқуқларнинг амалга оширилишини қонун билан тартибга солиши ҳамда Конституцияда мустаҳкамланган аёллар ҳуқуқларини бузадиган барча қонунлар, урф-одатлар, маданий амалиётлар ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилиши;

• аёлларга нисбатан камситишларнинг барча шакллари бекор қилиниши, уларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш тақиқланиши, эркаклар ва аёллар барча соҳаларда, айниқса никоҳ ва оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эгалиги ва никоҳ ўзаро розилик ва моногамия шартлари тамойиллари асосида белгиланиши;

• давлат хотин-қизларнинг фаровонлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилиши зарурлиги;

• аёлларни жинси ёки никоҳига қараб камситувчи ҳар қандай қонун мақоми ўз кучини йўқотиши, аёлларни камситувчи хатти-ҳаракатлар, хусусан, жинсий ҳақорат қилиш, безорилик ва зўравонлик ёки куч ишлатиш, ишда, бизнесда ва жамоат ишларида камситиш ҳамда мулкдан, жумладан, мерос орқали олинган мулкдан маҳрум қилиш таъқиқланиши;

• ҳар бир аёл хавфсиз оналик ва репродуктив саломатлик ҳуқуқига эгалиги ҳамда диний, ижтимоий, маданий анъаналар, урф-одатлар ёки бошқа сабабларга кўра жисмоний, руҳий, жинсий зўравонликга дучор бўлиши мумкин эмаслиги ва бундай қилмиш қонун билан жазоланиши ва жабрланувчи қонунга мувофиқ товон ундиришга ҳақлилиги, аёллар ижобий дискриминация асосида таълим, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш ва ижтимоий таъминот соҳасида алоҳида имкониятлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши кераклиги.

Жамоатчилик эшитувлари иштирокчилари, миллий ва хорижий конституциявий ривожланиш қонуниятларини қиёсий ўрганиш асосида Конституциявий комиссияга отин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, ушбу соҳадаги халқаро стандартларга мувофиқ уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича қуйидаги таклиф ва тавсияларни билдирдилар:

Биринчи таклиф: хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган нормаларни Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттириш масаласини кўриб чиқиш, хусусан, Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасига хотин-қизлар ва эркаклар меҳнатига тенг ҳақ тўлаш, оилада ва оилавий муносабатларда аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш каби принципларни киритиш.

Иккинчи таклиф: Ўзбекистон Конституциясининг 25-моддасига давлат хотин-қизларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиши ва хотин-қизларнинг оила ва меҳнат вазифалари ўртасида мувозанатни сақлашини таъминлаш, хотин-қизлар камситилишига йўл қўйилмаслигига қаратилган нормаларни акс эттириш.

Учинчи таклиф: давлат хотин-қизлар ва эркакларнинг барча иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқлилигини таъминлаши ва шу мақсадда ҳар қандай шахс, ташкилот ёки корхона томонидан жинслар ўртасидаги камситишнинг барча шаклларини бартараф этиш учун тегишли чораларни кўришини конституциявий норма сифатида белгилаб қўйиш.

Тўртинчи таклиф: аёллар ва эркакларга таълим олиш, касб-ҳунар ўргатишда, меҳнатда ва мансаб пағоналарида кўтарилишида (ишда), иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ва бошқа фаолият соҳаларида тенг имкониятлар, шунингдек, уларнинг меҳнати ва соғлиғини муҳофаза қилиш учун шарт-шароитлар яратиш.

ТАДБИР 2022 йил 20 июль куни Конституциявий комиссия, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан БМТнинг ваколатхонаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмагида ташкил этилди.