Жаҳон конституциялари энди ўзбек тилида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, туб бурилиш даврида кўпгина давлатларда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилганини кўрамиз. Шу сабабли, аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, дея таъкидланган эди.

Дарҳақиқат, Конституция бу ўзгармас ақида эмас, балки ривожланишнинг дастури хисобланади. Тузатиш, ўзгартириш киритиш имконияти барча конституцияларнинг фундаментал хусусиятидир. Замонавий глобалллашув жараёнларида жамият ривожланишининг турли босқичларида бирдек хизмат қиладиган конституцияни ўзгармас қилиб яратиб бўлмаслиги замонлар ўзгариши билан янада ойдинлашиб бормоқда.

Шу боис, бутун дунё мамлакатлари конституциявий ривожланишнинг ўз моделини излаётганини кузатиш мумкин.

Зеро, Конституциявий ислоҳот ҳозирги ва келажак барқарор ривожланишнинг зарур юридик заминидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга қаратилган аниқ нормалар барча фуқаролар, жамоатчилик вакиллари ҳамда халқимизнинг таклиф ва фикрлари асосида шакллантирилиб борилади.

Бу борада инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тайёрланган “Жаҳон конституциялари” китобини мутоалаа қилиш мобайнида ҳозирги замон учун ўта долзарб бўлган ахборотлашган жамиятда  инсонларнинг сўз ва фикр эркинлиги билдиришдаги воситалар билан муносабатлари  каби тушунчаларнинг юридик тартибга солиниш жараёнлари қандай кечгани, бошқа давлатлар тажрибаси билан танишиб чиқиш имконини берди.

Энг қувонарлиси юридик атамаларнинг тўлиқ мазмун ва моҳиятини ўзбек тилида тушунарли тарзда баён этилганлигини алоҳида эътироф этиб ўтиш керак. Ушбу китобда  Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Иордания, Италия, Польша,  Саудия Арабистони, Словакия, Франция, Чехия, Япония каби жами 11та турли ривожланишдаги, қадриятлар жиҳатдан катта фарқланишлар бўлган давлатларнинг конституциялари киритилган.

Ўзбек тилида мана шундай катта меҳнат эвазига тўпланган, таржима қилиб, соҳада фаолият кўрсатаётган олимларнинг шарҳлари, таҳлиллари билан тайёрланган илмий китоб кўп вақтдан буён интиқлик билан кутилаётган эди.

Мазкур энциклопедик китоб билан танишишда менинг кўпроқ эътиборимни тортган жиҳат ҳозирги замоннинг энг долзарб масалаларидан бири – жамиятда рақамли ҳуқуқларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ахборот жамиятини институтлаштириш, киберхавфсизликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш йўналишларида қонунларнинг ишлаб чиқилиши, юридик нормаларнинг тартибланиши жаҳон тажрибасида қандай қўлланганлиги бўлди. Қуйида “Жаҳон конституциялари” китобига киритилган давлатлар қонунчилиги билан танишиб чиқамиз.

Фикр билдириш, Сўз ва Матбуот эркинлиги борасида тажрибалар

 Бу борада АҚШ конституциянинг I-Қўшимча (1791 йил) кўра, сўз ва матбуот эркинлиги эътиқод эркинлиги билан тенг эътироф этилаётган бўлса, уларнинг эркинлигини тақиқловчи қонун қабул қилинмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Конгресс динни мустаҳкамлайдиган ёки диний эътиқод эркинлигини таъқиқловчи ёхуд сўз, матбуот эркинлигини, халқнинг тинч тўпланиш ва шикоятларини қаноатлантириш учун илтимоснома билан ҳукуматга мурожаат этиш ҳуқуқини чекловчи биронта ҳам қонун қабул қилиши мумкин эмас.

Германия конституциясига кўра эса, сўз ва матбуот эркинлиги инсон ҳуқуқларининг асосини ташкил этиши боис, Асосий ҳуқуқлар тўғрисидаги биринчи бўлимга киритилган. Бу бўлим Муқаддимадан кейиноқ келиши сўз ва фикр эркинлиги инсон ҳуқуқларининг ажралмас ва ўта муҳим бўлаги эканлигидан далолатдир.

Яшаш ва жисмоний дахлсизлик ҳуқуқи, дин ва эътиқод эркинлиги, бошпана ҳуқуқи, сўз эркинлиги, санъат ва илм-фан эркинлиги, матбуот эркинлиги, мулк ҳуқуқи кафолати Асосий қонунда мустаҳкамланган мумтоз ҳуқуқ ва эркинликлар сирасига киради. Бу ҳуқуқ ва эркинликларга йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, уюшма ва бирлашмалар тузиш эркинлиги, ёзишмалар, почта жўнатмалари, телефон сўзлашувлари махфийлиги, ҳаракатланиш эркинлиги, касб танлаш ҳуқуқи, мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши, турар-жой дахлсизлиги, шунингдек эътиқод эркинлиги нуқтаи назаридан ҳарбий хизматдан бош тортиш ҳуқуқини ҳам қўшиш мумкин.

Шунингдек, бу ҳуқуқлардан маҳрум бўлиш ва унинг меъёрлари Федерал конституциявий суд қарори билан белгиланиши киритилган.

Словакия Республикаси Конституциясининг сиёсий ҳуқуқлар бўлимида ОАВ эркинлиги ҳамда унинг маълум шахсларнинг  манфаатларига хизмат қилишини олдини олиш ва ҳокимиятнинг тегишли ахборотларни давлат тилида бериши мажбурияти юкланган, энг муҳими ахборот олиш эркинлиги ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳуқуқий имкониятлар берилган бўлиб, бизнинг конституциямизга ҳам таклифлар тайёрлашда тажриба сифати кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ саналади. Жумладан:1. Сўз эркинлиги ва ахборот ҳуқуқи кафолатланади. 2. Ҳар ким ўз фикрини оғзаки равишда, ёзма, матбуотда, тасвирлаш воситасида ёки бошқа усулда ифодалаш, шунингдек давлатнинг чегарасидан қатъи назар ғоялар ва ахборотни тўплаш, идрок қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. 3. Босма маҳсулотларни нашр этиш олдиндан рухсат олинишини талаб этмайди. Радиоэшиттириш ва телевидение соҳасидаги тадбиркорлик давлатнинг рухсат бериши билан шартланиши мумкин. Шартлар қонун билан белгиланади. 4. Башарти бундай чоралар демократик жамиятда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, давлатнинг хавфсизлиги жамоат тартибини, соғлиқни ва ахлоқийликни муҳофаза қилиш учун зарур бўлса, сўз эркинлиги ҳамда ахборотни тўплаш ва тарқатиш ҳуқуқи қонун томонидан чекланиши мумкин. 5. Оммавий ҳокимият органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни давлат тилида тегишли тарзда тақдим этишга мажбурдир. Ахборот бериш шартлари ва тартиби қонун билан белгиланади.

ОАВ эркинлиги борасида Польша Констициясига кўра, матбуот чиқариш учун лицензия бериш тақиқланади. Бунда  Қонун томонидан радио ёки телевидение станциясини эксплуатация қилиш учун даставвал лицензия олиш мажбурияти жорий этилиши мумкинлиги Констициянинг 54-моддасида қайд этилган. Бундан ташқари 51-моддада 4. “Ҳар ким нотўғри, тўла бўлмаган ёки қонунга зид йўл билан тўпланган ахборотни тўғрилаш, шунингдек уни йўқотишни талаб қилиш ҳуқуқига эга”. Бундай модданинг бўлиши айни вақтда ижтимоий тармоқларда авж олиб бораётган кибербуллинг жараёнларини тартибланишига ижобий таъсир кўрсатиши Польша матбуотини кузатиш жараёнида ҳам кўзга ташланди.

ОАВга тегишли мулкни мусодара қилишдаги қонунларнинг ишлаш механизмлари

Италия республикаси Конституциясининг I бўлим. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари, I БОБ. Фуқаролик муносабатлари 21-моддасида ОАВ тегишли бўлган мулкни мусодара қилиш бўйича алоҳида норма ишлаб чиқилган. Унга кўра, мусодара қилиш фақат асосланган суд қарорига асосан, матбуот тўғрисидаги қонун аниқ мусодара қилишга йўл қўядиган ҳуқуқбузарлик ҳолатларида ёки қонун жавобгар шахсларни аниқлашни талаб қилишига тааллуқли ҳуқуқий нормалар бузилган ҳолатларда қўлланиши мумкин.

Мутлақ кечиктириб бўлмайдиган ва суд органларининг ўз вақтида ара- лашиши мумкин бўлмаган ҳолатларда даврий матбуотнинг мусодара қили- ниши суд полициясининг мансабдор шахслари томонидан амалга ошири- лиши мумкин, улар бу ҳақда суд ҳокимияти органларига дарҳол ва йигирма тўрт соатдан кечиктирмасдан хабар беришлари шарт. Агар суд ҳокимияти кейинги йигирма тўрт соат ичида кўрилган ҳаракатларни тасдиқламаса, му- содара бекор қилинган ва кучини йўқотган деб ҳисобланади.

ОАВ фаолиятининг эркинлиги ва хавфсизлиги бўйича қонунлардан ташқари Жаҳон тажрибасида қатъий чоралар бўйича ҳам бир қанча кейсларни кўриб чиқиш мумкин.

Япония Конституциясида матбуот билан боғлиқ жиноятлар ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилганини кўриш мумкин.  Унинг 82-моддасида “Агар суд якдиллик билан ошкоралик давлат тартиби ёки ахлоқи учун хавф туғдириши тўғрисида қарор қабул қилса, ишларни судда кўриш ёпиқ эшиклар ортида ўтказилиши мумкин.

Бунда сиёсий жиноятлар, матбуот билан боғлиқ жиноятлар ёки фуқароларнинг ушбу Конституциянинг III бобида кафолатланган ҳуқуқларига тааллуқли ишлар очиқ мажлисларда кўриб чиқилиши керак”, деб белгилаб қўйилган.

Иордания Конституциясида эълон қилинаётган медиа материаллар манбаларининг назорат қилиниши қонун билан белгилаб қўйилиши таъкидланган. Шунингдек, “Ҳарбий ҳолат ёки фавқулодда ҳолат эълон қилинган тақдирда, қонун жамоат хавфсизлиги ва миллий мудофаа мақсадлари билан боғлиқ масалаларда газеталар, нашрлар, китоблар ва ахборот-коммуникация воситаларига чекланган цензурани жорий қилиши мумкин”.

Давлат бошқарувида кўпроқ қадриятларга асосланган давлатларнинг қонунчилигида ОАВ умуман сўз ва фикр эркинлиги юзасидан белгиланган қонунлар бўйича Саудия Арабистони подшоҳлиги қонунчилиги билан танишиб чиқдим. Саудия Арабистонининг Асосий Низоми 1992 йил 31 январда Қирол Фахд ибн Абд ал-Азиз Аль-Сауд томонидан қабул қилинган 2013 йилда охирги нашр амалга оширилган бўлиб, ОАВ тегишли моддалар “Ҳуқуқ ва мажбуриятлар” бўлимига киритилган, унда “Оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва бошқа ифода воситалари хушмуомала, адолатли фаолият юритиши ҳамда қонунларга риоя қилиши керак. Улар оммани тарбиялашда ва миллий бирликни мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшиши керак. Тартибсизликлар ва низога олиб келадиган ёки давлат хавфсизлиги, унинг ижтимоий обрўсига путур етказадиган ёхуд инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини камситадиган ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади. Ушбу масалалар тегишли қонун билан тартибга солинади”.

Умуман олганда эркинлик ҳуқуқини таъминлаш учун мажбуриятларни ҳам таъминланиши талаб этилади. Юқорида кўриб чиқилган ва турли вақтлардан бери тажрибадан ўтказиб келинаётган бу қонунлар мажмуасидан сайқалланган жиҳатларидан фойдаланиш Бош қомусимизни замон талаблари асосида халқимизнинг манфаатларига хизмат қиладиган юридик маёқ бўлишига ишонаман.

 Конституциямизни, замон билан ҳамнафас шаклга келтириш бу келажакдаги шахс, жамият ва давлат ҳаётининг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш демакдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда «Ҳар бир фуқаронинг онги ва шууридан жой олган, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлаган Конституциямиз чинакам қомусга айланиши керак».

Д.Каюмова