Олигархлар ва монополчилардан чарчаган Ўзбек халқи бошига навбатдаги синов тушмоқда

Импорт божлари ставкалари рўйхатига 2023 йил 11 январдан бошлаб киритилган ўзгартиришларга кўра, цинкланган ва полимер қопламали прокат маҳсулотлари учун 10%, лекин ҳар килоси учун камида 0,25 долларлик бож қўшилган.

7210 49 0000, 72 10 70 8000 кодли ушбу маҳсулотлар фақат саховатпеша Алишер Усмоновга қарашли бўлган компаниялар назоратидаги Тошкент металлургия заводи томонидан ишлаб чиқарилади.

Тошкент металлургия заводи ишга туширилган 2020 йилда ушбу маҳсулотлар импорти учун 10%лик бож киритилганди. Назаримизда, маҳаллийлаштириш ёлғонлари остида ва ҳукуматнинг протекционизмидан баҳраманд бўлаётган олигархия учун бу етарли бўлмаган. Энди импорт қилинадиган цинкланган ва полимер қопламали прокатлар импорти учун комбинациялашган божлар қўлланилиши ҳисобига маҳсулотларнинг ҳар тоннасига уч баробардан кўпроқ, яъни 375 долларгача бож тўлаш керак бўлади.

420 миллион долларлик Тошкент металлургия заводи кредитлар ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига бунёд бўлган. Лекин заводнинг қурилиши ҳам Кремль олигархияси назоратидаги структуралар тарафидан олиб борилган. Унинг бенефициарлиги, яъни фойдаси ҳам рус олигархияси назоратида.

Зиёни давлатга, фойдаси чўнтакка қабилидаги бузуқ лойиҳаларнинг яққол мисоли.

Энди нима бўлади, дейсизми? Энди прокат импорти тақа тақ тўхтайди, чунки бунақа аждарҳо божлар билан Ўзбекистонга четдан прокат олиб келиш маънога эга эмас. Прокат бозоринг ягона эгаси олигархия бошчилигидаги Тошкент металлургия заводи бўлади.

Дарвоқе, прокат учун божларни қийматга нисбатан нақд уч баробарига ошириш тўғрисидаги ҳужжатни топиш имкони бўлмади. Балки доимгидек яширин ёки махфий тарзда имзоланган бўлиши мумкин.

Манба