Ўзбекистонда ўқитувчи бўлиш ва қул бўлиш ўртасида деярли фарқ йўқ

Ўтган ҳафтада Ангренда содир бўлган ҳолат ҳақида ўқиган бўлсангиз керак. Кўриниб турибди ҳалигача ўқитувчилар ҳар қандай ишни қилиб кетаверадиган ишчилардек қабул қилинади. Тўғри, прокурорнинг қилган иши ОАВда жудаям катта резонанс кўтарди. Бунинг натижасида ўша прокурор ўқитувчилардан кечирим ҳам сўраб чиқди. Лекин, бўлиб ўтган ҳодиса ўқитувчиларнинг мавқеси охирги йилларда умуман кўтарилмаганлигини яққол кўрсатди. Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари сўнги йилларда кескин камайган бўлишига қарамасдан, юқорироқ лавозимда ишлайдиган раҳбарлар ҳалигача ўқитувчиларни «мардикор» сифатида кўради.

Сўнги йилларда ўқитувчилар жамиятнинг бошқа соҳа вакилларига нисбатан жиддий даражада камбағаллашиб бормоқда. Хусусан, 2017 йилда (январь-сентябрь) таълим соҳасида банд бўлган ходимларнинг ўртача маоши республикадаги ўртача иш маошидан21% га камроқ бўлган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсатгич 30% ни ташкил этади. Яъни 2017 йилда таълим соҳасида банд бўлган ходимлар ўртача ўзбекистонликдан 21% камроқ даромад топган бўлса ҳозирги кунга келиб улардан 30% камроқ маош олишади. Агар бу даврда даромадлари нисбатан юқори ўсган соҳа вакиллари билан таққосланса, вазият янада жиддий эканлигига гувоҳ бўламиз. Хусусан, ўқитувчиларнинг маоши 2017 йилда банк-молия соҳаси вакилларининг маошидан 57% га камроқ бўлган бўлса, бу кўрсатгич ҳозирги кунга келиб 73% ни ташкил этади. Бошқача айтганда, ҳозирги кунда ўртача ўқитувчи бир ойда ўртача банк-молия соҳаси вакили маошининг 27% ини ишлаб топади холос. Кўриб турганингиздек, ўқитувчилар жамиятнинг энг камбағал вакилларига айланиб бормоқда. Яъни улар бошқа соҳа вакилларига нисбатан йилдан-йилга камбағаллашиб бормоқда(тиббиёт ходимлари мустасно).

Қарор қабул қилувчилар ўқитувчиларни шундоқ ҳам жамиятнинг энг камбағал вакилларига айлантираётганликларидан ташқари, уларни яна истаганча қул қилиб ишлатишга ҳам тайёр.

Ўйлайманки, ўқитувчиларнинг ҳаёти молиявий жиҳатдан мустаҳкамланмас экан, уларнинг обрўси ва уларга бўлган муносабат ҳеч қачон ўзгармайди. Уларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш каби даволар эса қуруқ гапдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ўқитувчилар жамиятнинг энг олди ва ҳурматга сазовор вакилларига айланишади, қачонки уларнинг даромади бошқа соҳа вакилларининг даромадларига тенглашса ёки улардан ҳам илгарилаб кетса. Ўқитувчиларнинг молиявий рағбатлари яхшиланмасдан қилинадиган ҳаракатлар эса маънога ва натижага эга эмас.

Манба