Бировни ғояларини ўғирлаш оддий ҳол бўлган мамлакатимизда яна бир оламшумул янгилик. “UNICON-SOFT” МЧЖ томонидан Ҳумо деб номланган миллий мессенжер яратилибти (humo.app).
Энг қизиғи мазкур мессенжерни Ахборот коммуникация соҳасига масъул ташкилотлар текширган ва махсус сертификат ҳам берган.
Монополия
Яна бир инновация мессенжер Давлат хизматчилари учун хавфсиз эмиш. Дастурга давлат ташкилотлари уланиши лозим ва ҳар бир ходим учун ойига 25 минг 200 сўмдан абонент тўлови тўлаши керак экан. Мажбурий обунани рақамлаштирилган варианти (эна вация)
Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев:
“ООО, зўрку, ва ниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмиз” дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Телеграмми ёки Ҳумоми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Телеграмдан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш… )))

Хуллас энг қизиғи олдинда. Буюк ихтирочиларимизнинг мазкур оламшумул мессенжери Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 23 июлдаги 357-сонли қарори (https://lex.uz/docs/6166539#6169988) асосида ишлаб чиқилган экан.
Ушбу қарорнинг 1-иловасида миллий мессенжер ишлаб чиқиш ва ҳаттоки абонент тўловини “UNICON-SOFT” МЧЖ билан тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиш белгиланган.

Нега тўғридан-тўғри? Нима учун бу тадбиркорлик субъектига Президент қарори асосида бунақа имконият берилган? Шохи борми, ёки орқасидан ой чиққанми?
Президент қарорида бўлса, бошқалар ғинг деёлмайдида, шунда-а? Ҳамма кўз юмади, ҳатто кўчирмакашлик бўлса ҳам.
“UNICON-SOFT”га биттагина саволим бор: бу шармандаликка қандай чидайсизлар?”
Шу пайтгача 32 та уриниш муваффақиятсизликка учраган
Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратиш ҳақидаги гап-сўзлар энди пайдо бўлгани йўқ. Daryo.uz нашри ҳозиргача 32 та ана шундай уриниш бўлгани, 2022 йилга келиб уларнинг барчаси ёпилиб кетгани ҳақида ёзган.
Таъкидланишича, лойиҳаларнинг аксарияти муваффақиятли хорижий компанияларнинг нусхалари бўлган. Хусусан, UzFace, YouFace – Facebook’нинг, Drug.uz – ВКонтакте’нинг, Bamboo.uz – Twitter’нинг, Sinfdosh.uz – Одноклассники’нинг нусхаси бўлган.
Шунингдек, UzChat мессенжери, Doira.uz, Davra.uz, Muloqot.uz, Mening olamim (Olam.uz сайти таркибида, Россиядаги “Мой Мир”нинг нусхаси) каби платформалар яратилган. Улар орасида энг узоқ ишлагани Muloqot.uz бўлиб, 7 йил мавжуд бўлган ушбу лойиҳа 2018 йилда ёпилган эди.
2017 йилда Telegram ва WhatsApp каби мессенжерларнинг миллий муқобили – Uzphone’ни ишлаб чиқиш бошланганди. Юқоридаги лойиҳаларнинг деярли барчаси давлат томонидан молиялаштирилганди.