Нега докторларнинг ойлиги кам?

Шу саволга анча аввал, Каримов замонида ҳақиқатга яқин афсона эшитгандим. “докторларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар докторлар уларнинг олдига келган беморлардан ойлик маоши қанча катта бўлишидан қатъий назар барибир пул олишини, меҳрибон халқимиз докторларга кўнгилдан чиқариб, рози бўлиб барибир пул қистириб кетишини билгани, шундай ўйлагани учун ҳам докторларнинг ойлигини оширмайди”, дейишганди у ёки бу нарса нега айнан шундайлигини ҳаммадан яхшироқ биладиган (ҳар ҳолда, ўзини шундай деб ҳисоблайдиган) кўпни кўрган катталар.

Амалдаги соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг “5,5 млн. сўм ойлик олаётган раҳбар шифокорларимизга, агар улар беморларга меҳр билан қараса, одамлар барибир кўнгилдан чиқариб, рози бўлиб, баракасини бериб кетиши” ҳақидаги гаплари додам замонида эшитганим “докторларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар шундай ўйлайди” деган гапларнинг ҳақиқатга яқинлигини исботлади. Фақат Амрилло Иноятовнинг ўзи шундай фикрда экан, деб ўйламаслик керак, менимча: 2019 йил ноябрда ўша вақтда соғлиқни сақлаш зам министри бўлган Абдуҳаким Ҳожибоев ҳам “докторларнинг маошини оширишга ҳожат йўқ”, деганди (бир йил ўтиб вазир этиб тайинланган.

Хўп, докторларнинг ойлиги нега камлиги тушунарли бўлди. Иккинчи (ёки биринчи) энг заиф қатлам – ўқитувчиларнинг ойлиги нега кам (эди)? Кўпни кўрган катталарнинг бу ҳақдаги изоҳидан бехабарман, афтидан, уларнинг фақат шифокорларга доир гапларини эшитганман-ов. Лекин, бундай қараганда, энди мен ҳам катта бўлиб қолдим, бирор изоҳ берсам бўлар: уларнинг ойлигини ошириши керак бўлганлар, эҳтимол, “ўқитувчиларнинг ойлигини қанчалик оширмайлик, улар барибир репетитор бўлиб қўшимча иш қилаверади”, деб ўйлаган бўлса керак. Авваллари, демоқчиман-да. Ҳозир ўқитувчиларнинг маоши унча-мунча яхши бўлиб қолган, шекилли, а?

Манба