Январда Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми деярли 10%га, жон бошига физик ишлаб чиқариш эса деярли 12%га қисқариб кетган.
Саноатдаги таназзулнинг занжири, табиийки, энергетикадан бошланган.
Демак, кризисли январда:
- Газ ишлаб чиқариш 4,7 млрд. кубдан, 4,3 млрд. кубгача;
- Кўмир 482 минг тоннадан 415 минг тоннагача;
- Газ конденсати 120 минг тоннадан 109 минг тоннагача;
- Электр энергияси 6,7 млрд. кВт. соатдан 6,5 млрд. кВт. соатгача;
- Иссиқлик энергияси 3,4 млн. Гкалдан 3,1 млн. Гкалгача қисқариб кетган.
Занжир энергетикадан саноатнинг бошқа соҳаларига ҳам уланган. Хусусан, бўёқ ва лаклар ишлаб чиқариш 7 баробардан кўпга, автомобиль ишлаб чиқариш деярли 4 баробарга, двигатель ишлаб чиқариш деярли 3 баробарга, цемент ишлаб чиқариш 2 баробардан кўпга қисқарган.
Яна бир оғир зарбани текстиль соҳаси қабул қилиб олган. Хусусан, калава ип ишлаб чиқариш 31%га қисқарган.
Анчадан буён деградация кузатилаётган ароқ ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса кризисли январда ортган.
Савдо ва умумий овқатланишда асосий зарбани кичик бизнес қабул қилган. Йирик корхоналарда эса ишониш қийин бўлган каррасига ўсиш
Кўпчилик январь кризисида савдо ва умумий овқатланиш сектори камроқ жароҳатланди, деб ҳисоблаши мумкин. Сиртдан қараганда шундай. Лекин расмий статистика саволли вазиятда айрим ойдинликларга йўл очади ва айни пайтда жуда оғир саволларни кун тартибига чиқаради.
Демак, январь ойида чакана савдода йирик корхоналарда 23,9%лик ўсиш қайд этилган бўлса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда 14,9%лик қисқариш қайд этилган.
Улгуржи савдода йирик корхоналарда 44,6%лик ўсиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда 13,4%лик қисқариш кўрсатилган.
Умумий овқатланишда йирик корхоналарда 30,0%лик ўсиш, кичик бизнесда 22,8%лик қисқариш қайд этилган.
Айтиш керакки, савдо ва умумий овқатланиш бўйича январь ойи расмий статистикаси йирик корхоналар қисмида жуда кўп ишониш қийин бўлган рақамларни беради.
Масалан, чакана савдода йирик корхоналар бўйича январь ойида Қорақалпоғистонда 2,5 баробар, Фарғонада 2,2 баробар, Қашқадарёда 2,1 баробар ўсиш кўрсатилган. Худди шунақа, улгуржи савдода йирик корхоналар бўйича Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 2-3 баробардан зиёд ўсиш кўрсаткичлари ясалган.
Наманган вилоятида умумий овқатланиш бўйича йирик корхоналарда оз эмас, кўп эмас, нақ 39,1 баробарига ўсиш қайд этилган. Совуқ ва қаҳратон январда Наманганда нима юз берган ўзи?
Балки бу статистикани ўрганиб қолинган усулларда “яхшилаш” учун қилингандир, бир нарса дейиш қийин. Лекин Статистика агентлиги мазкур рақамлар бўйича камида хизмат текшируви ўтказиши ва вазиятни изоҳлаши керак бўлади.