Ўзбекистон статистикасида ғаройиб ўзгаришлар ва илк ташвишли сигналлар

Январь ойи ташқи савдо статистикасининг энг ҳайратли ҳодисаси, йўқ, бу 1,2 млрд. долларлик олтин экспорти эмас. Бу Германиянинг импортда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ҳамкорига айлангани. Январда Германиядан импортимиз ҳажми 490,8 млн. долларни ташкил этган ва немис дўстлар ҳатто Россия ва Хитойни ҳам ортда қолдирган. Хўш, январда Германиядан мамлакатимизга нима импорт қилган бўлишимиз мумкин? Бунга кўп танқидга учрайдиган статистикамиз жавоб бермайди.

Яна бир муҳим воқелик Литва ва Франциянинг ТОП-10 савдо ҳамкорлар рўйхатига кириб қолгани. Литвадан 105 млн. долларлик, Франциядан 73,5 млн. долларлик импортни амалга оширганмиз. Яна таркиби номаълум. Самолёт олганмизми? Қурол – аслаҳами?

Ҳа, дарвоқе. 2022 йилда экспортимиз таркибида жуда катта ҳажм ва улушга эга бўлган, экспертларда анча кўп саволлар ва шубҳалар туғдирган “Энергия генератори машиналари ва асбоб-ускуналари” ва “Саноат ва машина қисмлари учун махсус бўлмаган машина ва ускуналар” моддалари йўқ бўлиб қолган. Бу моддалар ўрнига “Электр алоқаси, овозни ёзиш ва овозни эшиттириш аппаратуралари ва ускуналари” (5,4 марта ўсиш) ҳамда “Канцелярия машиналари…” (49,1 марта ўсиш) деган моддалар қўшилган. Коди очиқланмаган товар ва хизматлар исталган моддага қўшиб, исталган моддадан чиқариб юбориш мумкин бўлган ўзбек статистикаси учун бу фавқулодда оғир иш эмас.

Шунингдек, январда 3,7 млн. долларлик газ экспорти қайд этилган (Хитой статистикаси ҳали очилмади). Электр экспорти эса, статистикага кўра, негадир умуман юз бермаган.

Январда атига 20 минг долларлик газ импорти кўрсатилган. Электр импорти эса умуман бўлмаган. Лекин кўмир импорти сезиларли даражада ўсган.

Импорт таркибидаги энг катта ўсиш таркиби номаълум “Бошқа транспорт ускуналари”га тўғри келади. Январда 634,1 млн. долларлик шу тоифадаги импорт рўй берган. Бу ўтган йилга нисбатан нақ 352,4 марта кўп.

Ўтган йили гуркираган хизматлар импорти эса ўсишдан деярли тўхтаган. Балки шу йўл билан четга олиб чиқиб кетиладиган пулнинг ўзи қолмаган бўлишиям мумкин.

Январь ойи ташқи савдо статистикасининг энг асосий сигнали эса қуйидагича:

Олтинсиз экспорт камтаргина 6% ўсган ва 900 млн. доллардан сал ошган холос ва у ҳам бўлса асосан битта давлат ҳисобига (бир уринишда топинг). Товарлар экспорти эса қисқара бошлаган (636,4 млн.доллардан 627,5 млн. долларгача). Олтинсиз экспорт ўсишдан деярли тўхтаган, товарлар экспорти қисқара бошлаган ойда импортимиз 40%га кўпайиб, қарийб 3 млрд.долларга етган.

Импортнинг кескин ўсиши ҳисобига олтин-валюта захираларимиз қачонлардир мақтанганимиздек 24 ойга эмас, 20 ойга эмас, 18 ойга эмас, 14 ойга эмас, энди 12 ойга етадиган даражани ташкил этади.

Манба