Иқтисодчи Отабек Бакиров:
“Бир йил аввал уруш бошланган куни Украина 10 кун, 15 кун туриб берса, кейин Халқаро ҳуқуқ ва ёрдам ишга тушади деб ўйлагандим. Ҳатто 10 кунгача соат санаганман. 96 соат ўтди, кўпчиликнинг ёмон прогнозлари оқланмади. Украина туриб бера олди”.
Ўзбекистонни юзини сақлаб қолган муносабат
Собиқ ташқи ишлар вазиримиз, ўзбек сиёсатида энг тажрибали инсон Абдулазиз Комиловнинг чиқишига қадар бирон ўзбек расмий вакили Украина мавзусида муносабат билдиришни лозим топмаганди. Орадан шунча вақт ўтиб, ортга қаралса, айнан Комиловнинг чиқиши юзимизни сақлаб қолганини тушунса бўлади. Тарих олдида ҳам, Халқаро майдонда ҳам.
Уруш яна бизга ички оғриқларимизни, мафкурадаги муаммоларимизни ва Стратегик вектордаги пробелларни очиб берди. Биз биз бир сўм сарфламай, жамиятимиз ва давлатимизни диагностикадан ўтказиб олдик. Армияга нисбатан, хавфсизликка нисбатан, ислоҳотлар, ташқи савдо ва инвестицияларга нисбатан мутлақо янгича қарашларга муҳтож эканимиз сезилди. Лекин кўз ўнгимизда рўй бераётган воқеликлардан дарс олмоқдамизми ёки кўз юмиб ўтказиб юборамоқдамизми, билмайман. Шу маънода 31 йил аввалги берилган тарихий имконият бўйича қайта имтиҳондан ўтиш, ўтмаслигимизни, тўғриси, билмайман
Ғарб санкциялари ва Ўзбекистон
2022 йил давомида Украинадаги урушнинг Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга салбий таъсир кўрсатмаганини қайд этилади. Бир қарашда шундай. Аслида урушнинг салбий таъсири қатор омилларга кўра кечикиб юз берди ва юз бермоқда. Хўш салбий таъсирларни нималар кечиктирди? Энг асосий омил бу Ғарбнинг Россия импортига қўйган санкциялари. Айтиш керакки, импортга санкцияларга қўшимча равишда ғарб компанияларининг оммавий тарк этиши, Марказий банкнинг антибозор чоралари билан бирга қўшганда, Россия учун жазо эмас, рағбат бўлиб хизмат қилди. Импортни тўхташи ва маъмурий курс жуда қисқа муддатда ташқи савдода Россиянинг блокланган олтин валюта захиралари миқдорида ижобий сальдо шакллантириб олишига имконият берди. Рублга қўшилиб Россиянинг саттелитлари валюталари ҳам мустаҳкамланди, бу эса хусусан Россия ва Ўзбекистон ўртасида товар, пул ўтказмалари ва инвестиция каналлари воситасида мисли кўрилмаган пул оқимлари ва маржиналликни яратди. 2022 йилдаги иқтисодий ўсишни айнан шу каналлардан қувват олган истеъмол талаби яратди. Лекин бу мусиқа узлуксиз янграши имконсиз эди.
Куздан бошлаб Ғарб Россиянинг экспортига санкциялар қўллашни бошлади. Йил охирига бориб эса ниҳоят газ ва нефть бўйича санкциялар консенсусига келинди. Айнан шу ҳаракат Россияда бюджет ва валюта мувозанатига илк жиддий зарба айланди. Бу пайтга келиб Ўзбекистонда ҳам йил давомида вақтинча йиғилган пул ўтказмалари, товар каналлари ва инвестициялар ўзига ЯНГИ қулай манзилларни қидира бошлаганди. Шунинг учун 2022 йил ноябрь декабрь ва 2023 йил январда импортни ҳаддан ташқари ўсишига гувоҳ бўлдик. Овози пасайиб бораётган мусиқани кўтаришга имконият топилмаган бир шароитда, январда энергетик кризис юз берди. Энергетик кризис бўлмаса ҳам иқтисодий ўсиш секинлашарди, лекин кризис бу жараённи анча тезлаштириб юборди.
Шундай қилиб, 2023 йилнинг мартига келиб Ўзбекистон даромадларнинг қисқариши оқибатида бюджет мувозанатининг издан чиқиши, экспортнинг ўсишдан тўхташи, импортнинг ўсиши яратаётган савдо баланси дефицитининг кескин ўсиши, инвестициялар тақчиллиги билан рўпара бўлмоқда.
Бу нафақат иқтисодий сиёсатдаги хатолар натижаси, балки урушнинг кечиккан салбий таъсири бўлади. Урушнинг салбий оқибатлари фақат оқибат билан чекланмайди. Унинг албатта тўлови мавжуд ва тўловларни қанча эрта қабул қилсак, шунча яхши.
Биринчи тўлов: бюджетнинг даромад қисмини мувозанатлаш учун имтиёзлардан тўлиқ воз кечиш, харажатларни мувозанатлаш учун энергетикани субсидиялашни тўхтатиш ва бозорга ўтиш бўлиши зарур.
Иккинчи тўлов: сўмнинг ташқи таъсир ҳисобига реал курсини мустаҳкамланишига ортиқ кўз юмиб турмаслик билан боғлиқ бўлиш керак. Гап нима ҳақида эканлигини тушунганлар тушунади. Савдо дефицитини камайтиришнинг маъмурий йўлларига бурилиб кетиш тескари самара беради/
Учинчи тўлов: ташқи қарз (ҳамон беришга ишқибозлар ва олишга ишқибозлар топилади) олиш орқали инвестицияларни рағбатлантириш йўлидан юрмаслик керак. Ҳа, иқтисодиёт кичраяди, лекин соғломлашади ҳам. Баъзида иқтисодиёт қисқаришига ҳам йўл қўйиб бериш керак.