Ўзбекистонда қачон янги партиялар рўйхатга олинади?

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов:

Адлия вазири Акбар Тошқулов “янги сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш учун, 20 минг имзо кўп эмас” деб айтибди. Яна, “тасаввур қилинг, ҳар ўн мингта ёки беш мингта одам партия очаверса, нечта партия бўлиб кетади?!” деган.

Адлия вазирининг позицияси – тўлиқ авторитар. Ўзбекистонда, мана ўттиз йилдирки, расман беш партияли, де-факто, бир партияли тизим. Бир партияли дейишимни сабаби, партиялар ўзаро ҳам курашмайди, ҳукуматни-ку умуман тергай олмайди.

Ҳар битта сиёсий тизимнинг фундаментал фалсафаси бўлади. Партияларнинг кўп ва фаол бўлиши – халқ давлатни, парламентни ва ижроия ҳокимиятини бошқармоқда дегани. Партиялар тузиш қийинлаштирилганми, демак, бу ерда энг асосий демократик механизм ишламаяпти. Демократик қоидаги кўра, халқ ўзи истаган партияларни тузади ва ҳеч қандай тўсиқларсиз, ўзининг ғоя ва дастурларини сайловга қўяди, ва овоз ололса, ҳокимиятга айланади.

Қўшни Қозоғистонда, партия очиш учун, имзолар сони 20 мингдан 5 мингга туширилди. Ўтган уч йил ичида 18та янги партия лойиҳаси Қозоғистон Адлия вазирлигига мурожаат қилди. Улардан баъзилари рўйхатдан ўтиб, парламентга кирди.

Аҳолиси икки баравар кўп бўлган Ўзбекистонда эса, ҳаттоки 2016 йилдан кейин ҳам бирон бир партия лойиҳаси рўйхатдан ўта олмади. Яна ўша 20 минглик барьерни оқлаш кетмоқда. Яна, жамиятни айблаш ҳам бор… Халқ иродасидан қўрқиш, ҳали ҳам сақланиб қолаяпти. Аслида, жамият манфаатларини қондириш орқали ҳам лидерликни сақлаб, мустаҳкамлаб борилса бўларди…