Биз байрам қилаверамиз, лекин Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингида пастга шўнғимоқда

“Чегарасиз репортёрлар” ташкилоти 2023 йил учун тузилган рейтингида Ўзбекистон 137-ўринда қайд этилди. Анъанага кўра жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида эълон қилинадиган рейтингдаги натижа ўтган йил билан таққослаганда 4 поғонага пасайган (ёмонлашган).

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилган эди.

Рейтингда сиёсий (-3), иқтисодий (-9) ва ижтимоий (-9) индикаторларда натижаларимиз сезиларли пасайган.

Хулосалар ҳокимият ОАВ ва ҳукумат билан боғланган қатор блогерларни етарли даражада назорат қилиши, чиновниклар журналистларга иқтисодий жиҳатдан босим ўтказиши ёки сотиб олишга уриниши, ижтимоий тармоқлар расмий ОАВлар деярли ёритмайдиган коррупция билан боғлиқ ахборотларни алмашадиган платформага айлангани кўрсатиб ўтилган.

Постсовет маконида Ўзбекистондан ташқари яна Россия (164- ўрин), Беларусь (157- ўрин), Тожикистон (153- ўрин), Қозоғистон (134- ўрин), Қирғизистоннинг (122- ўрин) сўз эркинлиги билан боғлиқ рейтинги ёмонлашган.

Сўз эркинлиги энг юқори дея Норвегия, Ирландия ва Дания топилган бўлса, энг ёмон учликни Шимолий Корея, Хитой ва Вьетнам эгаллаган.