Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 48-сессияси давомида Женевадаги Туркманистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасининг биринчи котиби Мақсат Бекиев “маълумот тарқатгани учун мамлакат фуқаролари таъқиб қилинаётгани” ҳақидаги даъволарга жавоб берди.
Норвегиянинг БМТдаги доимий вакили Тине Мёрч Смит Туркманистондаги сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазиятга эътибор қаратишга чақириб қуйидагиларни баён қилган.
“Кўп мамлакатларда сўз ва матбуот эркинлиги қаттиқ босим остида”.
Шунингдек, у интернетда ва офлайн режимда цензура қилиш технологиясининг кенг қўлланилишидан жиддий хавотир билдирган ва: “Биз Белоруссия, Туркманистон ва Тожикистонни ўз фикри ёки баёноти учун қамалган барча одамларни озод қилишга чақирамиз”, дея қўшимча қилган.
Элчи, шунингдек, алоҳида эътибор талаб қиладиган давлатлар сифатида КХДР, Эритрея, Экваториал Гвинея, Баҳрайн, Эрон, Саудия Арабистони ва Хитойни тилга олган.
Бундай “айбловлардан” сўнг М.Бекиев шундай деди: “Афсуски, Норвегия элчиси томонидан билдирилган ҳибсга олиш тўғрисидаги баёнот субъектив ва бир томонлама бўлиб, мамлакатдаги ҳақиқий вазиятга мос келмайди”.
Дипломатнинг айтишича, Туркманистон Конституцияси ҳар бир фуқарога фикр ва сўз эркинлигини кафолатлайди.
Бекиев, Туркманистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига риоя этилишини маълум қилди ва Норвегияни “ишончли ва тўғри маълумотларга таянишга” чақирди.