Ҳар бир давлатнинг энергияси, кучи, қуввати бўлади. Баъзи давлатлар ўзларининг энергиясини ривожланишга, эркинликка, ҳамжиҳатликка, бирдамликка эришиш учун сарфлайди. Баъзи давлатлар эса, ўзининг ичидаги ижтимоий энергияни бостириш учун, курашиш учун сарфлайди. Мана шундай давлатларда қўрқув – халқнинг энг биринчи ҳиссиёти бўлади. Бу давлатлар – қўрқув салтанати бўлади.

Ўзбекистон 2016 йилга қадар қўрқув салтанати бўлди. Қўрқув – инсонлар онгини фалаж қилувчи даражада эди. 2017 йилдан бошлаб, жамият онгидаги қўрқув эриб бошлади. Жамиятда эркинликка катта умид пайдо бўлди. Лекин, бугунга келиб, вазият гибрид тус олди. Эртага нима бўлишини тушуниш қийин.

Қўрқув тизимини маромига етказган давлатлар, ҳар доим, ҳар куни ўз ҳолатларини алоҳида мониторинг қилиб туришлари керакки, “мен яна олдинги вампир ҳолатига қайтмаяпманми?!” деб хавотирга тушишлари керак.

Қаттиқ авторитар даврни яшаган давлатлар, ўзгаришларга эришиш ва мустаҳкамлаш учун, айнан куч ишлатар тизимларни алоҳида тартибга солиб туришлари керак бўлади. Кейинги ойларда қийноққа солинган тадбиркорлар, босим остидаги журналистлар ва ОАВлари, кузатувлар ва босимлар ҳақида жуда кўп хабарлар тарқалди. Лекин, давлатнинг марказий шахслари, бу давлатнинг сиёсатими, ёки тизим ичидаги тузатилиши керак бўлган хатоларми – гапиришмаяпти.

Давлатнинг ўрта буғини “биз вазиятни назорат қиляпмиз” деб, қўрқув салтанатини парваришласа, бунга давлатнинг юқори поғоналари имкон бермаслиги керак. Қўрқув салтанати шундай нарсаки, у оёқдан, жамиятдан, халқдан бошланади ва давлатнинг тепасига борганда, бутун бир тана тўлиқ гангрена ҳолатига етган бўлади. Кеч бўлади! Давлатнинг ўзи ютқазган бўлади. Ҳокимият тарихий кампанияни ютқазган бўлади.

Камолиддин Раббимов