Айтамиз, лекин сўзимиздан қайтамиз!

Бир йил аввал, 2023 йил январида жамоатчилик диққат маркази бир муддат Бухорога қаратилган эди – шаҳар марказидаги кўплаб маъмурий бинолар, хусусан, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, меъморий жиҳатдан Ўзбекистонда қиёси йўқ стадион ўрнига “Бухоро туризм маркази”ни қуриш лойиҳаси эълон қилинганди.

Худди шундай лойиҳа аввалроқ Самарқандда ҳам қилинган, аммо у ерда бу иш шаҳар ташқарисида, тарихий қисмидан узоқда қилинган эди. Бухорода эса бу иш бевосита шаҳарнинг тарихий маркази биқинида, боз устига, қанчадан-қанча бинолар бузилиши эвазига амалга оширилиши жамоатчилик норозилигига сабаб бўлганди.

Норозилик жуда авжига чиққач, вилояти ҳокимлиги “жамоатчилик фикрини инобатга олиб”, туристик марказ учун “бошқа мақбул ер майдонлари танланиши”ни эълон қилганди. Бошқа манбалар эса “Шавкат Мирзиёев жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган туристик марказ қурилишини тўхтатишга топшириқ бергани” ҳақида ёзганди.

Ҳозир Бухорода шу туристик марказни қурилиши мавзусида матбуот анжумани номли тадбир ўтказиляпти, мана бу ерда жонли эфирда томоша қилиш мумкин. Видео, овоз сифатида унчалик ҳам яхши эмас, лекин шунга қарамай лойиҳа учун “бошқа мақбул ер майдонлари” танланмагани, ўтган йили норозиликка сабаб бўлган лойиҳа ўша, кўрсатилган жойида амалга оширилишини тушуниш қийин эмас.

Масалан, сўзга чиққанлардан бирининг айтишича, совет даврида қурилган бинолар билан Бухоронинг ташриф қоғозчаси ҳисобланган тарихий иморатлар ўртасида ҳамоҳанглик йўқ экан (шунинг учун совет даврида қурилган биноларни бузиб ташлайверса ҳам бўлади), стадион-ку умуман бефойда, ундан тайинли фойдаланилмаяпти. Кейин, жаҳоннинг ривожланган шаҳарларида ҳам бундай катта стадионлар шаҳар ташқарисида жойлашган, Бухорода ҳам энди шундай бўларкан.

Нима зарурат бор шу туристик марказни қуришга, деган саволга, вилоят ҳокими тахминан шундай мазмунда жавоб берди: масалан, зиёрат туризми бўйича жуда катта тадбирлар ўтказишмоқчи, лекин бунга, катта конгрессларни ўтказишга шароит йўқ экан, ҳоким меҳмонлар олдида хижолат экан. Шунинг учун Бухорога шундай бир туристик мажмуа керак экан, бу, ҳокимнинг айтишича, “бухороликларнинг асрий орзуси” экан.

Сўзга чиққан бошқа бир нотиқнинг айтишича, Самарқандда шундай туристик марказ қурилгач, ҳатто Тошкент ҳам қабул қилолмайдиган халқаро тадбирларга энди Самарқанд мезбонлик қилаётган экан, шунга, энди, “нега энди Бухоро бу масалада ортда қолиши керак?”.

Майли, кузатайлик-чи, охири нима бўларкин. Ўша гап – бу кетишда қачондир Бухородаги Пои-Калон ва Самарқанддаги Регистон ўрнида ҳам мана шундай “асосли сабаблар”, “яхши ниятлар”, “хижолатпазликлар” баҳона қизиқ-қизиқ лойиҳалар амалга оширилса керак.

Муҳрим Аъзамхўжаев