“1000 сммчи қиз”: олға интилмаганлар ортда қолади

Яқин 10 йилда қандай мутахассисларга талаб кучли бўлади? Шубҳасиз, замонавий касб эгаларига! Замонавий касблар деганда, асосан интернет билан боғлиқ ёки масофадан бажарилиши мумкин бўлган касблар тушунилади. Уларга СММ мутахассиси, копирайтер, дастурчи, веб-дизайнер, график дизайнер ва бошқалар киради.

Бу касбларни эгаллаш учун йиллаб олий таълим муассасаларида ўқиш ва диплом олиш зарур эмас. Ўқиш учун ойлик курсларда қатнашиб, тажриба ва маҳоратни ошириш кифоя. Аммо кўпчилик ёшлар маблағи бўлмагани сабабли курсларда ўқий олмайди. Бу муаммога ечим топиш мақсадида, юртимизда ёшларни ўқитиш ва яхши касб эгаси бўлиши учун имкониятлар яратилмоқда.

Жумладан, “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида 1000 нафар хотин-қиз учун СММ ўқув курсларида бепул таълим олиш имконияти тақдим этилмоқда. Бу курсларда қатнашувчилар ўз яшаш жойига яқин ўқув марказларида касб сирларини ўрганиб, СММ мутахассиси, копирайтер ёки контент менежер сифатида уйда туриб пул топиш кўникмаларига эга бўлади. Қуйида бу курсларда ўқиётган ёшлар фикри, режа ва мақсадлари ҳақида баён қиламиз.

Ҳа, бепул!

– СММ соҳасига 2 йилдан бери қизиқаман, – дейди 22 ёшли Нилуфар Омонова. – Бу соҳа ҳақида эшитганимда ўқишга, ўрганишга хоҳиш пайдо бўлган эди. Лекин талабалигим сабабли бу мақсадни бироз четга суриб туришга тўғри келди. Чунки контракт масаласи бор. Бундан ташқари СММ йўналишида ўқиш курслари ҳам арзон эмас эди.

Нилуфар Тошкент давлат иқтисодиёт университети туризм йўналишида ўқийди. Сиртқи таълим шаклида таҳсил олгани учун бўш вақтларида ишлаб, контрактини ўзи тўлашга ҳаракат қилади. Ўзи истаган соҳани ўрганишни режа қилиб юрган қиз учун “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида эълон қилинган “1000 СММчи қизлар” лойиҳаси ва бепул таълим олиш имконияти яхши янгилик бўлди.

– “1000 СММчи қизлар” лойиҳаси ҳақида “Тошкент ёшлари” телеграм саҳифасида эълон қилинган эди, – дейди Нилуфар. – Аввалига бепул эканига ишонолмадим. Кейин бошқа саҳифаларда ҳам тарқала бошлаганидан сўнг махсус бот орқали рўйхатдан ўтдим. Натижаси эса ажойиб! Бир неча йиллик истагим амалга ошганидан хурсандман. Бизга сифатли билим беришяпти. Бу ҳеч бир пулли ўқув курсларидан фарқ қилмайди.

“Бизни дарслардан ўтадигани йўқ”

– СММга қизиқишим баланд бўлгани учун “Заковат арена” биносида ўтказилган СММ соҳасида фаолият юритадиган тажрибали мутахассислар билан учрашувга боргандим, – дейди Авазжон Каримова. – Учрашувда яна бир мақсадимга эришдим. “1000 СММчи қизлар” лойиҳаси ҳақида эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида рўйхатдан ўтдим ва дарсларда қатнашиш имкониятига эга бўлдим.

Авазжон Каримова Ўзбекистон Миллий университетининг 1-босқич талабаси. Француз тилида сўзлаша олади. Келажакда бир нечта тилларни ўрганиш ниятида. Тил билиш кўникмаси СММ соҳасида ўз ўрнини топишига кўмак беради.

– Дарсларимиз 5 ҳафта давом этади, – дейди Авазжон. – Хосият Ҳасановадан сабоқ оляпмиз. Тўғрисини айтсам, дарсларимиз жуда қизиқарли. Барчамизи қизиқиб ўрганяпмиз, устозимиз эса билимини аямасдан ўргатмоқда. Ҳатто ҳар биримизга Инстаграм профиллари бериб, ишлашимиз учун шароит яратиб бердилар. Ҳам амалий, ҳам назарий билимга эга бўлаётганим мени жуда қувонтиради. Келажагимни шу соҳа билан боғлашни ният қилганман.