Ўзбекистон: 2020 йил хулосалари экспертлар нигоҳида

Кузатиб бораётганиздек, ҳозирда деярли барча ОАВ орқали тугаб бораётган 2020 йилда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти бўйича якуний хулосалар ва 2021 йил борасидаги прогнозлар ҳақида таҳлилчилар, сиёсатшунос экспертлар, умуман олганда, турли соҳа мутахассислари билан суҳбатлар ташкил этилмоқда. Мана шундай материаллар сираси сифатида эътиборингизга йил якуни бўйича экспертлар хулосаларини тақдим этмоқчимиз. Материални беришдан аввал экспертларнинг фикрлари бироз қисқартирилганлигини ҳамда сиёсий бир ёқламалик билан қилинган прогнозлар берилмаганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Тўлиқ материал билан танишмоқчи бўлсангиз мана бу ердаги ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида якунланаётган йил нималар билан ёдда қоларли бўлди, улардан қандай сабоқ олиш мумкин?

Андрей Казанцев – сиёсатшунослик фанлари доктори, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Миллий тадқиқот университети “Олий иқтисодиёт мактаби” (НИУ ВШЭ) профессори:

Ўтган йилнинг асосий глобал воқеаси, шубҳасиз, коронавирус инқирози бўлди. Бундан жаҳон мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам зиён кўрди.

Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида, аввало, қўшни Туркманистон ва Тожикистонда муайян муаммолар мавжуд эди. Тожикистон инқирозга кечикиш билан чоралар кўрган бўлса, Туркманистонда бу вазиятга нисбатан сукут сақлаш стратегияси қўлланди. Тахминларга кўра, ҳукуматдагиларнинг гоҳ у, гоҳ бу йўналишдаги тушунарсиз қарорлари инқирознинг кескинлашувига олиб келмоқда. Ўз навбатида, буларнинг бари аҳоли орасида ваҳима ҳиссини янада кучайтиради. Тожикистон ҳукумати ҳам дастлаб мамлакатда коронавирус йўқ, дея иддао қилган эди, аммо кейинроқ улар коронавирус эпидемияси мавжудлигини тан олди ва вирусга қарши курашни бошлади.

Ўзбекистонда ҳаммаси ўз вақтида бажарилди: Тожикистон ёки Туркманистондагидан фарқли ўлароқ, барча зарур чоралар кўрилди.

Яна бир жиҳат борки, коронавирус инқирози Ўзбекистонга қараганда анча ривожланган, жон бошига ЯИМ анча юқори бўлган мамлакатлар учун ҳам катта синов бўлди. Мисол учун, собиқ Иттифоқ ҳудудини оладиган бўлсак, Россия ва Қозоғистон аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича энг юқори ўринларни эгаллайди. Аниқроғи, биринчи ўринда Россия, иккинчи ўринда Қозоғистон туради. Шу маънода аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси анча паст ва табиийки, аҳоли жон бошига тиббиёт соҳаси учун пул сарфлаш имкониятлари кам бўлган Ўзбекистонда вазият, албатта, мураккаблашди. Аммо шунга қарамай, ҳукумат барча зарур тадбирларни амалга оширди.

Ўзбекистондаги вазият ўзига хос бўлиб чиқди, чунки бу ерда коронавирус инқирози аввалги йиллари бошланган яна бир жараён билан “кесишди”. Ушбу жараён – Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом этишидир. Менимча, Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ташқаридан яхшироқ кўринади ва республика аҳолиси ушбу ислоҳотлар натижаларига етарлича баҳо бера олмаслиги мумкин. Аммо, макростатистикага эътибор қаратсак, бу ислоҳотлар сезиларли иқтисодий ўсишга олиб келаётгани яққол кўзга ташланади. Энг муҳими, Ислом Каримов қурмоқчи бўлган импорт ўрнини босувчи иқтисодиёт экспортга йўналтирилган иқтисодиётга қараб ўзгармоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев татбиқ этаётган иқтисодий ўсиш модели ривожланиш характерининг ўзгаришига омил бўлмоқда. Ўзбекистонда пул, хорижий инвестициялар оқими туфайли валюта пайдо бўлди. Умуман олганда, ушбу модель бошқа постсовет давлатлари, масалан, қўшни Қозоғистонда аллақачон синаб кўрилган. Қозоғистон ушбу моделни ўнлаб йиллар давомида татбиқ этиб келмоқда ва у анчагина муваффақиятли дейиш мумкин. Айни пайтда Ўзбекистон бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларига қараганда жуда катта устунликка эга: бу мамлакатда Қозоғистон, Россия, Озарбайжон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ, хом ашё эмас, балки улкан инсон ресурслари мавжуд. Бошқача айтганда, Ўзбекистон меҳнатсевар ва кўп миллионли ишчи кучига эга.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар аниқ бир одам мисолида ҳали кўзга яққол кўринмаса-да, яхшигина макроиқтисодий натижаларни намоён этмоқда. Ушбу ўсиш модели саноатни ривожлантиришга асосланган.

Ислом Каримов ушбу моделни рўёбга чиқара олмади. Чунки, у саноатни импорт ўрнини босиш билан бирга ривожлантириш тарафдори бўлди. Ваҳоланки, бу имконсиздир. Мазкур мавзуда жуда кўп қизиқарли асарлар ҳам мавжуд. Масалан, Россияда ушбу мавзудаги энг машҳур асар Гайдарнинг “Иқтисодий ўсишнинг парадокслари” китобидир. Унда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Лотин Америкасида ушбу моделнинг инқирозга юз тутиши сабаблари тасвирлаб берилган.

Давом этаётган афғон инқирози ва қўшни Афғонистонда мавҳумлик кучайишидир. Бу бутун Марказий Осиё минтақасига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Чунки Афғонистонда нима бўлиши, америкаликлар у ердан қўшинларини олиб чиқадими-йўқми, ҳали номаълум.

Трамп маъмурияти Толибон билан музокаралар олиб бориш ва қўшинларни олиб чиқиб кетиш борасида аниқ тўхтамга келган эди. АҚШнинг янги маъмурияти қайси йўлни танлаши ва Афғонистонда энди нима бўлиши ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Бу минтақа мамлакатлари учун янги таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин. Ва бу унчалик яхши эмас. Чунки Каримов даврида рўй берган Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қисқартириш ташқаридан келаётган хавфсизликка таҳдидларнинг ортиши билан боғлиқ бўлиб, Шавкат Мирзиёев буни жуда яхши тушунарди. Унинг биринчи қилган иши ҳам қўшнилар ва барча йирик давлатлар билан муносабатларни яхшилаш бўлди. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилган тақдирда ҳам албатта, қандайдир шаклда Афғонистон билан минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Яна бир Россия билан ўзаро савдо-сотиқ ва сиёсий алоқаларнинг ривожи бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчига айланганлигида ҳам намоён бўлади. Бунга қадар ҳам савдо айланмаси бир неча йилдан бери ўсиб бораётганди.

Яна бир муҳим ҳодисага тўхталсак. Буни мен ҳам Ўзбекистон учун, ҳам Россия учун муҳим деган бўлардим. Пандемия инқирози Россиядаги муҳожирлар ҳолати кескин ўзгаришига олиб келди. Маълумки, Ўзбекистон Россияга энг кўп меҳнат муҳожирини юборадиган Марказий Осиё мамлакати ҳисобланади. Россияда 2020 йили меҳнат муҳожирлари сони икки баравар камайди. Бундан ташқари, буларнинг бари катта муаммолар билан бирга юз берди. Чунки, аэропортлар мамлакатдан чиқиб кета олмаётган одамлар билан тўла эди. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Шу ўринда бир ҳолатга эътибор бериш керакки, Марказий Осиёнинг баъзи давлатлари мигрант фуқароларини деярли ташлаб қўйди. Аммо Тошкент бундай йўл тутмади. Россияда қолган муҳожирларнинг фақат олтидан бир қисмигина Россия қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий мақомга эга эканлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу шуни англатадики, қолган мигрантлар Россия миграция қонунчилигидаги чалкашликлар қурбонига айланди.

Тошкент ҳар доим миграцияни ўз кучи билан тартибга солишга ҳаракат қилган. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари барини ўз оқимига, Россия ҳукуматининг измига ташлаб қўйган. Умуман олганда, бу жиддий муаммо – замирида инсон тақдири ётибди.

Бекзод Зокиров – сиёсатшунос, Токио университетининг докторанти (Япония):

– Фикримча, 2020 йил Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеалар ва ўзгаришларга бой бўлди. Давлатнинг коррупцияга қарши сиёсатини амалга оширувчи агентлик ташкил этилгани, пахта саноатида мажбурий давлат харидлари бекор қилингани ҳамда мазкур саноатда бир неча йилдан буён ҳукм сураётган мажбурий меҳнатдан батамом воз кечилгани тарихий ҳодисалардир. Аммо, давлат монополияларини ҳимояловчи протектционизм сиёсатининг кучайиши, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашда ислоҳотлар сустлиги ҳамда давлат структураларини ичидан кемираётган коррупция муаммоси ҳалигача тизгинга солинмаётгани, афсуски, халқда ислоҳотларга ишончсизлик кайфиятини кундан-кунга кучайтирмоқда.

Якунланаётган йилда Ўзбекистон деярли барча сиёсий-иқтисодий энергиясини пандемия оқибатлари билан курашишга сарфлади. Пандемия мамлакат тарихида кўпчиликнинг ёстиғини қуритган ҳодиса сифатида қолса-да, у бизга келажагимиз учун муҳим хулосаларни берди, деб ўйлайман. Аввало, бу даврда ижтимоий ёрдамга муҳтожлик даражаси ортиши, давлат ўз олдида турган муаммоларни якка ҳолда эмас, балки фуқаролик жамияти билан бирга ҳал этиши зарурлигини кўрсатди. Халқимизнинг ушбу мушкул вазиятда хайрия ташаббуслари билан майдонга чиқиши Ўзбекистонда фуқаролик позицияси, дахлдорлик ҳисси бошқа жабҳаларда ҳам яққол намоён бўла олиши мумкинлигини кўрсатди. Шунингдек, пандемия Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг заиф нуқта, яъни табиий ресурслар экспортига қарамлик муаммосини очиқ кўрсатди. Ва бу ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларини диверсификация қиладиган хусусий сектор биз учун қанчалик зарурлигини яна бир бор исбот этди.

Станислав Притчин – тарих фанлари номзоди, Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институтининг Постсовет тадқиқотлар маркази катта илмий ходими:

– Ҳақиқатан ҳам, ўтиб бораётган йил нимаси билан хотирамизга муҳрланди? Бу хусусда сўз борганида, энг аввало, коронавирус пандемияси билан боғлиқ глобал кризис тилга олиниши табиий.

Ўзбекистонни ҳам бу офат четлаб ўтмади, ички сиёсат ва давлатлараро алоқалар коронавирус билан боғлиқ вазиятга деярли тобе бўлди. Шунинг учун бу ерда ҳам иқтисодий ўсиш суръатларида муайян ўзгаришлар юз берганини кўрамиз. Бутун жаҳон бўйлаб кузатилгани каби ҳудудий иқтисодиётда рецессия кузатилди. Умуман олганда, мамлакат сиёсий ҳаётида коронавирус туфайли бирор жиддий сиёсий ҳодиса содир бўлгани йўқ.

Умуман олганда, республика ҳукумати пандемияга қарши курашга юқори даражада куч сарфлади ва бундай танг эпидемик вазиятни тўлиқ назоратга олиши мумкинлигини намойиш эта олди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жаҳоннинг бошқа давлатлари билан таққослаганда анча самарадор эканлиги яққол сезилади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон шунчаки пандемияга қарши курашибгина қолмасдан, балки ундан янги тиббий марказлар бунёд этиш йўли билан ўз соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш бўйича имкониятларини оширишда ҳам фойдаланаётганлигини кўриш мумкин.

Пандемия муносабати билан Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатларга кўрсатган ёрдами ҳам унинг минтақадаги етакчи давлатлардан бири ролига масъулият билан ёндашаётганини кўрсатди. Демак, хулоса қилиш мумкинки, мамлакат мураккаб вазиятда қўшниларига ёрдам беришга тайёр ва молиявий жиҳатдан бунга қодир.

Баҳром Исмоилов – эксперт, ҳуқуқшунос:

2020 йил воқеалари, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам катта сабоқ бўлди, аммо мен энг муҳим учта жиҳатни кўрсатган бўлардим:

1. Шошилинч ва ижтимоий хизматлар муҳим аҳамиятга эга. Тез тиббий ёрдам ва мобил касалхоналар, жамоат хавфсизлиги ва санитария-эпидемиология марказлари каби давлат муассасалари устувор равишда молиялаштирилиши ва фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан сафарбар этиладиган ишончли давлат хизматларига айланиши керак. Ўзбекистон вилоятлари кесимида фавқулодда вазиятлар ва офатлар даврида фаолият юритадиган, алоҳида ваколат ва ҳуқуқларга эга штаблар корпуси тузилиши лозим.

2. Ижтимоий институтлар муҳим аҳамиятга эга. Инқирозли вазиятларни бартараф этишда жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ихтиёрий бирлашмалари катта роль ўйнади. Давлат ижтимоий йўналтирилган янги ННТларнинг пайдо бўлиши учун имконият яратиш орқали учинчи сектор ривожини рағбатлантириши керак. 3. Жамғармалар муҳим. Пандемия уй хўжаликларида ҳам, республика бюджетида ҳам жамғармаларга эга бўлиш нақадар муҳимлигини кўрсатди. Оммавий карантин шароитида одамлар, бир томондан мунтазам даромадини йўқотиш ёки кескин камайиши, бошқа томондан эса молиявий захираларнинг тез тугаб қолиши муаммосига дуч келишди. Давлат олдида эса солиқ тушумларининг қисқариши ва кутилмаган харажатларнинг кескин ўсиши масаласи пайдо бўлди. Энди республика келгуси йиллар бюджетида бундай кутилмаган харажатларни назарда тутиши ва ижтимоий аҳамиятга эга тармоқларни рағбатлантириши, аҳоли эса ўз навбатида анъанавий истеъмол маданиятини қайта кўриб чиқиши зарур.