Тожикистонда блоггерлар учун солиқ жорий қилинди

Тожикистон Солиқ қўмитаси мамлакатдаги блоггерларнинг солиққа тортилиши тўғрисида маълумот берди.

“Тожикистонда блоггерлик энди солиққа тортилади”, деди ҳукумат ҳузуридаги Солиқ қўмитаси бош бошқармаси бошлиғи Шамсулло Кабирзода якуний матбуот анжуманида.

Кабирзоданинг сўзларига кўра, бўлим ходимлари Тожикистонда блоггерлар фаолиятини ўрганиб чиқиб, уларни солиқ тўловчилар рўйхатига киритиш мумкин деган хулосага келинган.

“Солиқ кодексининг 98-моддаси талабларига биноан жисмоний шахслар томонидан олинадиган барча фаолият турлари ва ҳар қандай даромад, уларнинг тури ва жойидан қатъи назар, солиққа тортилади”, деди у.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, одамлар ўз каналларини очиб у ерда ғоялар ва фикрларни тарқатиш орқали даромад олишмоқда, дея тушунтирди Солиқ қўмитаси раҳбари.

“Шундай қилиб, блоггерларга солиқ солиш тўғрисида гап кетганда, ҳеч қандай тушунмовчилик бўлиши мумкин эмас”, деб таъкидлади у.

Солиққа тортиладиган 29 та канал мавжуд бўлиб, улар 3 – 19 миллионгача обуначиларга эга. Қўмита канал эгаларини 1 апрелга қадар солиқ органларига декларацияларини топшириш зарурлиги тўғрисида хабар берган.

“Биз уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтишлари кераклиги тўғрисида огоҳлантирдик. Жисмоний шахслар учун охирги муддат – 1 апрель”, – дея қўшимча қилди Кабирзода.

У блоггерлар томонидан олинадиган даромадлар даражасига аниқлик киритмади, аммо агар талаб бажарилмаса, Солиқ қўмитаси зарур чораларни кўришини қўшимча қилди.

P.S. бизда ҳам бир блоггерларни солиққа тортиш бўйича ҳаракатлар амалга оширилган бироқ, блогерлар томонидан олиб борилган “тушунтиришлардан” сўнг солиқчиларимиз бу фикрдан қайтишган эди. Нима ҳам дердик тожикистонлик “блогерлик” фаолияти билан шуғулланаётган дўстларимиз бўш келманглар!