Human Rights Watch ташкилотига кўра, Шинжон қамоқхоналарида маҳбуслар – «ўз ҳаёти билан яшаган ва динига амал қилгани учун судланган оддий одамлардир».
Хитой режими Шинжондаги мусулмон озчиликлар вакилларини суд орқали таъқиб қилишни кескин кучайтириб, «жанжалларда иштирок этиш» ва «хориждаги қариндошларига совғалар бериш» каби шубҳали айбловлар билан узоқ муддатли қамоқ жазоларини тайинлаган, деб хабар берди Human Rights Watch (HRW) ташкилоти чоршанба (24 феврал) куни.
Бу жиноий ҳукмлар бир миллионга яқин уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчиликлар вакилларининг Шинжондаги «сиёсий таълим» лагерларида ҳибсда сақланаётган вақтда чиқарилган.
2016 йилдан буён шимоли-ғарбий минтақанинг 250 мингдан ортиқ аҳолиси расмий равишда судланиб, қамоққа олинган, деб хабар беради HRW.
Бу ҳолатлар қонуний бўлиб кўринса-да, Шинжон қамоқхоналаридаги маҳбусларнинг кўпчилиги – «ўз ҳаёти билан яшаган ва динига амал қилгани учун судланган оддий одамлардир», дейилади HRW тадқиқотчиси Майя Ваннинг баёнотида.
HRWга кўра, Шинжон минтақасида жиноятда айблаб жазога тортиш ҳолатлари 2017-2019 йиллар оралиғида уйғурлар ва асосан мусулмонлардан иборат бошқа озчиликларга қарши тазйиқлар вақтида кескин кўпайган.
Шинжон судлари 2017 йилда қарийб 100 минг айбланувчига ҳукм ўқиган, 2016 йилда бу кўрсаткич 40 мингдан кам бўлган, деб хабар беради ташкилот расмий маълумотларга таяниб.
Терроризмга қарши кураш номи билан «тез ва қатъий жазо тайинлаши» учун полиция, прокуратура ва судларга босим ўтказилган, натижада ҳеч қандай қонунбузарлик содир этмаган кўплаб одамлар қамоққа ташланди, дейди ҳуқуқбон гуруҳ.
HRWга кўра, судлар «бошқаларга ҳаром ва ҳалол нима эканлигини тушунтирган» ва «Туркиядаги қариндошларига совғалар берган» одамларни ҳам жазога ҳукм қилган, қамоқ муддатлари узайтирилган.
2017 йилгача чиқарилган ҳукмларнинг тахминан 11 фоизида беш йилдан ортиқ жазо муддат белгиланган. 2017 йилда бу кўрсаткич 87 фоизга кўтарилган.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмийси HRW ҳисоботидаги хулосаларга раддия берар экан, ташкилот «доим Хитой билан боғлиқ масалаларда нохолис бўлган келгани, кўпинча Хитойни ёмонотлиқ қилиш учун ёлғон баёнотлар тарқатгани ва уларнинг иддаоларига ишониб бўлмаслигини» айтган.
Орани очиқ қилишни истаган Пекин аллақачон «Гонконг билан боғлиқ масалаларда номақбул йўл тутган одамлар», жумладан HRW директори Кеннет Ротга нисбатан ҳам санкциялар жорий қилишга улгурган.