2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи (давлат қарзи) 23,3 млрд. доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,4 фоизни ташкил этмоқда, деб маълумот бермоқда bankiroff телеграм канали.
Бу янги давр бошланган 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп демакдир.
Жами давлат ташқи қарзининг 53 фоиздан ортиғи нефть ва газ (2,6 млрд. доллар), электр энергетикаси (2,9 млрд. доллар), транспорт (2,4 млрд. доллар), коммунал соҳа (2,3 млрд. доллар) ва қишлоқ хўжалигига (2,2 млрд. доллар) жалб қилинган.
Эътиборлиси, Ўзбекистонда борган сари абгорлашиб бораётган соҳаларнинг етакчилари айнан саналганлар эканидан ҳеч ҳам таажубланмаслик керак. Лекин, бирон бир оддий фуқаро бу соҳалардаги ўзгаришлардан (ислоҳот дейишга тил бормайди) рози бўлармикан? Ваҳоланки олинаётган қарзларнинг энг катта қисми шу соҳалар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Ташқи қарзга хизмат кўрсатиш миқдори ҳам йилдан-йилга ортмоқда. Хусусан, ўтган 2020 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 1,8 млрд. доллардан ошган.
Маълумот учун, 2021 йилда Ўзбекистон 5,5 млрд.долларгача давлат қарзини жалб қилмоқчи.
Ҳисобот хусусий деб аталадиган ташқи қарз ҳажмини инобатга олмаган. Гарчи хусусий деб номлансада, Ўзбекистон мисолида ушбу қарзлар ҳам давлат банклари ва компаниялари ҳиссасига тўғри келади.
Солиштириш учун: Ўзбекистонда 2016 йилда 82 млрд. долларлик ЯИМга 9,5 млрд.доллар қарз бўлган. 2020 йилда 58 млрд.долларлик ЯИМга 23,3 млрд.доллар қарз бор. Албатта бу жорий нархларда. Лекин барибир жуда ёмон тенденция.
Бошқача айтганда, жорий нархларда ЯИМ камайиб бориши фонида ташқи қарз ортиб бормоқда. Агар хусусий дейилаётган, лекин аслида давлат компаниялари ва банклари қарзи бўлган қарздорлик қўшилса 2020 йилдаёқ ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати 60% фоизга яқинлашади.
Бу йилги жалб қилиш миқдори 5,5 млрд. эканлиги ва давлат компаниялари ҳам қарз жамғаришни давом этиши инобатга олинса, жами ташқи қарздорлик 40 млрд. доллардан ортиб кетади. ЯИМ эса жорий нархларда 60 млрд. доллардан кўп бўлиши қийин.
Бу жами ташқи қарздорликнинг ЯИМга нисбати 2021 йил охирига бориб 65%дан ортиб кетади деганидир.