Орзудаги Туркманистон рақамлари

Халқаро валюта фонди (ХВФ) дунё иқтисодиёти ҳозирги ҳолати ва COVID-19 пандемияси таъсири баҳоланган “World Econimic Outlook” ҳисоботини эълон қилди.

Мамлакатлар ЯИМ тўғрисидаги маълумотлар жадвалида Туркманистон ҳукуматининг 2020 йилда ЯИМнинг 5,9 фоизга ўсганлиги тўғрисида баёнотларига қарамай, Фонд экспертлари томонидан реал ўсиш 0,8 фоизга баҳоланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги ҳисоботларда ХВФ расмий маълумотлардан фойдаланган. Масалан, ўтган йилги ҳисоботда Туркманистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ЯИМ ўсиши 6,3 фоизга тенг бўлганлиги кўрсатилган.

Фонд прогнозларига кўра, 2021 йилда Туркманистон ЯИМнинг якуний ўсиши 4,6%, 2022 йилда – 3,9% ва 2026 йилда – 3,7% ни ташкил этади.

Аввалроқ Fitch Solutions халқаро молия агентлиги мутахассислари ҳам Туркманистон расмий статистикаси ишончлилигига шубҳа билдиришган эди. Уларнинг таъкидлашича, “Туркманистон ҳукумати келтирган рақамлар ишончли эмас ва эҳтимол 2020 йилги иқтисодий инқирознинг ҳақиқий кўламини яшириш учун алмаштирилган бўлиши мумкин”.

2020 йил апрел ойида Fitch Туркманистонда ЯИМнинг реал ўсишини 1,4% даражасида прогноз қилди.

Таъкидлаш керакки, пандемия олдидан ХВФ мутахассислари мунтазам равишда Туркманистонга ташриф буюриб, мамлакатни инқироздан олиб чиқиш бўйича тавсиялар тайёрлаганлар. Уларнинг сўнгги ҳисоботи 2019 йил ноябр ойида эълон қилинганди.

Туркманистонга бир неча бор маъмурий назоратни юмшатиш, иқтисодиётни очиш, эркин бозор ва рақобат пайдо бўлиши учун шароит яратиш тавсия этилган. Бу ўз ўрнида товар ва хизматлар сифатини оширишга, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам бериши қайд этилган. Ўша вақтда ҳам миллий валюта “манат” ҳаддан ташқари юқори баҳолангани қайд этилган эди. У вақтда “қора бозорда” бир доллар 18,5-19 манат эди. Айни пайтда эса 1$ –  40 манатга баҳоланмоқда.