Эрон ҳукумати адолатли сайловларга тўсқинлик қилишга уринаётган бир вақтда, Сурия диктатори ўзи учун яна бир президентлик муддатини таъминлади.
Башар ал-Асад 95 фоиз овоз билан уруш давом этаётган мамлакат президенти лавозимига тўртинчи бор қайта 7 йиллик муддатга сайланди.
Мухолифат ва бир қатор Ғарб давлатлари сайловларни «сохта» деб, рад этишди.
Асад ўз номзодини сайловларда умуман ҳеч ким билмаган икки шахсга қарши илгари сурди. Айтганча, унинг оила аъзолари мана қарийб 50 йил давомида қатъий равишда мамлакат раҳбари лавозимига сайланиб келишмоқда.
Қизиғи шундаки, Сурия курдлари ва уларнинг иттифоқчилари қуролли кучлари томонидан назорат қилинадиган Суриянинг шимоли-шарқида ёки Суриянинг исёнчиларнинг сўнгги йирик қароргоҳи бўлган Идлиб вилоятининг шимоли-ғарбий қисмида овоз бериш жараёнлари ўтказилмади.
Чет элда яшовчи Сурия фуқаролари ўша ердаги элчихоналарда ташкил этилган сайлов участкаларида, фақатгина мамлакатни тарк этиш тўғрисидаги муҳр босилган амалдаги паспортга эга бўлсаларгина овоз бериш имкониятига эга бўлдилар.
Бу талаб эса овоз беришнинг чет элдаги миллионлаб суриялик қочқинлар учун мавжуд эмаслигини англатарди.