Британиянинг сўз эркинлиги рейтингида Марказий Осиё

Британиянинг инсон ҳуқуқлари ташкилоти Article 19нинг жаҳондаги сўз эркинлиги ҳолати бўйича ўтказган тадқиқот натижалари эълон қилинди. Унга кўра, қўшниларимиз орасида Туркманистон 159-ўринда  энг қуйидан жой олган. (жами иштирокчи давлатлар сони 161та)

Қозоғистон 129-ўринда, Ўзбекистон 135-ўринда, Тожикистон 154-ўринда бўлиб, инқирозли (In Crisis) тоифага киради. Қўшниларимиз орасида анча юқори кўрсаткичлар билан Афғонистон 80-ўринда, Қирғизистон эса 96-ўринда.

КХДР сўз эркинлиги бўйича жаҳон рейтингида охирги ўринни эгаллайди. Ундан кейин Сурия, Туркманистон ва Эритрея жой олган, дейилади Британиянинг инсон ҳуқуқлари ташкилоти Article 19нинг жаҳондаги сўз эркинлиги ҳолати бўйича берган маълумотларида.

Ҳисоботда таъкидланишича, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, 2020 йил глобал соғлиқни сақлаш инқирози пайтида тўғри, ишончли ва ўз вақтида маълумотларни тақдим этиб бориш муҳим аҳамият касб этган.

2021 йилги ҳисобот шуни кўрсатадики, ҳукуматлар вирусга қарши кураш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва маълумот олиш имкониятларини яхшилашга эътибор қаратиш ўрнига, пандемия даврида қуйидаги тўсиқларни яратиш билан овора бўлган:

• муҳим маълумотларни яшириш;

• фавқулодда ҳолатни чекловларсиз жорий этиш;

• оммавий ахборот воситаларига асоссиз ва кераксиз чекловлар қўйиш каби.

“Инсон ҳуқуқлари ва жамоат саломатлиги ўртасидаги танловни таклиф қилиб, ҳукуматлар жамоатчилик муҳокамасини ва ўз қарорларини ҳар қандай текширишни тўхтатишга ҳамда ўзлари учун манфаатли тактикани қўллашга қаратган. Бошқача қилиб айтганда, улар ўз маблағларини кўпайтириш учун пандемиядан фойдаланиб, давлат пуллари ва қимматли вақтни беҳуда сарфлашган. Натижада, бу ҳаракатлар пандемияни узайтирди ва одамларнинг ҳаётига зомин бўлди ”, дейилади ҳисоботда.

161 давлатни ўз ичига олган рейтингда сўз эркинлиги, цензура ва журналистларни таъқиб қилиш каби 25 та мезон ҳисобга олинган. Баҳолашга кўра, мамлакат бешта тоифадан бирига жойлаштирилган (афсуски биз бешинчи тоифадамиз).

Шимолий Корея 100 баллдан 0 балл олган ягона мамлакат бўлди. Сурия, Туркманистон ва Эритрея 1 очкодан, Хитой 2 очкодан олди. Кучли бешликка Дания ва Швейцария (ҳар бири 95 очко), Норвегия, Швеция ва Финляндия (94 очко) киради.

Туркманистон инқирозли (In Crisis) тоифага киради. Рейтинг муаллифлари “Туркманистон доимий равишда рейтингнинг энг пастида туради. Сабаби 2020 йилда Президент Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат COVID -19дан мутлақо холи эканлигини эълон қилган эди”.

Март ойида маълум бўлишича, Туркманистон  “Дунё эркинлиги 2021” рейтингида 100 баллдан 2 балл тўплаган.

Апрель ойида эълон қилинган “Чегара билмас мухбирлар 2021” матбуот эркинлиги рейтингида Туркманистон рўйхатда бир поғонага кўтарилиб, 180 -ўриндан 178 -ўринга кўтарилган эди.