Ногиронлар ҳуқуқлари

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28 майдаги ялпи мажлисида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллаган.

Конвенциянинг қабул қилиниши ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг илғор халқаро стандартларига эга миллий тизимини бирлаштиришга, шунингдек, жамиятда ногиронликка нисбатан ижтимоий-ҳуқуқий ёндашувни кучайтиришга имкон беради.

Ўзбекистон конвенцияни ратификация қилиш орқали инфратузилмани яхшилаш (турар жой ва жамоат биноларини, транспортни, хизматлар турини мослаштириш), шунингдек, ахлоқий ва маънавий кўрсатмаларни шакллантириш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари қўмитаси бир қатор процедуралар орқали Конвенция қоидаларининг бажарилишини назорат қилади:

иштирокчи давлатлар тақдим этган ҳисоботларни кўриб чиқади;

иштирокчи давлатлар билан Конвенцияга боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар олиб боради;

ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг Факультатив Протоколи ратификация қилинган тақдирда, индивидуал шикоятлар ва қўпол ва катта қонунбузарликларни текширади.