Қозоғистон Хитойдан қочган фуқароларга қочқин мақомини бермоқда

Фаолларга кўра, Қозоғистоннинг Хитойдан келган этник қозоқларга қочқин мақомини бериш билан Пекиннинг инсон ҳуқуқларини бузаётганини тан олмоқда.

Яқинда юз берган ҳолатларнинг бирида, Хитойнинг Шинжон минтақасида яшаган этник қозоқ Раҳиджон Зайнулла Хитой қамоқхонасидаги 16 йиллик маҳбусликдан сўнг, Қозоғистон фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатни олди, деб хабар беради Озодлик радиосининг қозоқ хизмати 26 август куни.

58 ёшли Зайнулла рафиқаси Фарида Қобилбек билан журналистларга интервью бош тортган – у буни Хитой қамоқхонасида маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида келишув имзолагани билан изоҳлади.

Зайнулла Қозоғистонга этник қозоқларни жалб қилиш (аввалги номи «Ўралман», ҳозирги номи «Қондош») давлат дастури доирасида 1990-йиллар охиридаёқ кўчиб келган ва 2004 йилда ҳукумат унга фуқаролик тақдим этиш ҳақидаги аризани маъқуллаган.

Аммо фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатни олгунига қадар, Шинжондаги қариндошларини зиёрат қилгани борган Зайнулла у ерда жосусликда айбланиб ҳибсга олинади ва 13 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Қамоқ муддати тугагач, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Зайнуллани озод қилишади, 2018 йилда эса қайта ҳибсга олиб, уни 18 ойга «сиёсий қайта тарбиялаш лагерига» юборишади.

У Қозоғистонга шу йил апрел ойидагина қайта олди.

Пекин Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшаётгани айтилади.

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Бироқ, мустақил терговлар, собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

200 кунлик норозилик амалиёти

Қозоғистонликлар йил бошидан бери Олмаота шаҳридаги Хитой консуллиги олдида ҳар куни норозилик намойиши ўтказиб, Пекиндан Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида ҳибсга олинган қариндошлари ва дўстларини қўйиб юборишни талаб қилганлар.

Vlast.kz хабарига кўра, 26 август – Олмаотадаги узлуксиз норозилик намойишларининг 200-куни бўлди.

«Мен бу ерда бир неча ойдан бери турибман. Хитой уч нафар айбсиз ўғлимни қамоқдан озод қилмагунича туравераман», дейди май ойида полиция тарафидан ҳибсга олиниб, қўйиб юборилган намойишчи Холида Акитханқизи Карвонсаройга.

«Ҳатто улар тирикми-йўқми, билмайман.»

Ҳозирга қадар намойишчилардан фақат биттаси – Фарида Қобилбекнинг яқин одами Қозоғистонга қайтарилган.

Қозоғистон ҳукумати ўтган йилнинг октябр ойида Хитой ҳукуматининг Шинжондаги тазйиқларидан қочиб келган тўрт нафар этник қозоққа қочқин мақомини берган эди.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги халқаро бюроси юристи Гулмира Куатбекова бу қарорни яхши сиёсий қадам деб атаган.

«Қозоғистон давлат сифатидаги нуфузини ошириши керак. Ахир улар бизнинг ватандошларимиз», дейди у Карвонсарой билан суҳбатда.

Қочқинлик мақоми янги келганларга Қозоғистонда ишлаш ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, шунингдек, тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқини беради, деди у.

Кейинги қадам Қозоғистонда яшаш учун рухсат олишдир, деди у. Аммо, Хитойдан келганлар учун бу амалиёт бирмунча мураккаб, чунки улар миграция идораларига Хитой фуқаролигидан чиққанликларини тасдиқловчи гувоҳнома тақдим этишлари лозим.

Тушунарли сабабларга кўра, Хитой консуллиги бу ҳужжатни бермайди, шу сабаб Хитойдан келганлар фуқаролик олиш амалиётлари ўрнига қочқинлик мақомини излашга мажбур бўладилар.

«Биз бу вазиятдан чиқиш йўлларини излаймиз», дейди Куатбекова. Умид қиламанки, Қозоғистон тўғри йўналиш бўйлаб яна бир қадам ташлайди.

Хитой қонунбузарликларининг тан олиниши

Хитой зулмидан қочганларга қочқинлик мақомини бериш билан Қозоғистон Хитойда инсон ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани ва қочқинлар ҳаёти хавф остида эканини расман тан олмоқда, дейди «Нагыз Атажурт Еріктілері» ҳуқуқбон ташкилотининг АҚШда истиқомат қилаётган раҳбари, Пекин сиёсатининг ашаддий танқидчиси Серикжан Билаш.

«Шу тариқа Қозоғистон Шинжонда бир неча йиллардан буён жаҳон ҳамжамияти бонг ураётган концлагерлар борлигини тан олди», деди Билаш.

Нур-Султоннинг бу қарори Пекинни ранжитган, у ўз қўшнисига чегарада душманлик чоралари билан жавоб қайтарган.

Ноябр ойи ўрталарида Шинжон вилояти маъмурлари COVID-19 тарқалишига қарши кураш баҳонасида Қозоғистон-Хитой чегарасида божхонадан олиб ўтиладиган маҳсулотлар назоратини кучайтирганлар.

Ўтган йилнинг ноябр ойидан бери Хитой қозоқларга тегишли турли хилдаги 12 мингта темирйўл вагонларини мамлакатга киритмаган. Бу эса қозоғистонлик экспортчилар ва вагон эгаларини ҳамкорлар олдидаги мажбуриятларини вақтида бажариш имкониятидан маҳрум қилди ва катта йўқотишларга сабаб бўлди, дейилади «Қозоғистон темир йўллари» хабарида.