30 йилдан зиёд разведка хизматида бўлган КХДРнинг истеъфодаги катта полковниги BBCга Меҳнат партияси қурол–яроғ ва гиёҳванд моддаларни сотишдан қандай даромад олишини, шунингдек махсус террорчилик бўлими ҳақида гапириб берди.
Ким Кук Сунг Шимолий Корея Бош разведка бюросида катта полковник унвони билан ишлаган, лекин 2014 йилда мамлакатдан Жанубий Кореяга қочишга мажбур бўлган. Ўшандан бери у Жанубий Корея разведкаси учун ишлаб келмоқда, лекин барибир ўз жонидан қўрқади.

Унинг маълум қилишича, “терроризмга қарши курашиш учун махсус гуруҳ” фаолият олиб боради. Гуруҳ 2009 йилда Шимолий Корея режимининг мухолифларига қарши курашиш, шу жумладан суиқасд уюштириш учун яратилган.
Ким Кук Сунгнинг ўзи 1997 йилда КХДРдан қочган яна бир юқори мартабали офицер Хван Чжан Юпни йўқ қилиш операциясини бошқарган. Уни ўлдириш буйруғи ўша 2009 йилда келган. Бироқ, суиқасд муваффақиятсиз тугаган. “Терроризм Шимолий Кореяда сиёсат қуроли ва Ким Чен Ир ва Ким Чен Иннинг олий қадриятларини ҳимоя қилиш воситаси бўлган ва ҳозирга қадар сақланиб қолмоқда”, – деди собиқ разведка ходими.
Шимолий Корея армиясининг икки офицери суиқасд уюштиргани учун ҳанузгача Жанубий Кореяда қамоқ жазосини ўтамоқда.
Унинг сўзларига кўра, КХДР разведкаси ўз жосусларини турли мамлакатлар, жумладан, Жанубий Корея давлат ташкилотларига киритишда жуда муваффақиятли ишлаган.
Ким Чен Ир ҳукмронлиги даврида Шимолий Корея раҳбарияти “кибер урушлар”га тайёргарлик кўришни бошлаган ва энг иқтидорли ёшларни танлаб, уларни ўқитадиган махсус бўлинма тузилган эди. Биз ўзаро “Ким Чен Иннинг ахборот маркази” деб атардик, деди Ким Кук Сунг.
Шунингдек, унинг айтишича, Меҳнат партияси 1990 йиллардан буён гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва тарқатишда фаол иштирок этмоқда.
“Мен мамлакатга учта чет эллик мутахассисларни олиб келдим ва уларнинг ёрдами билан ўқув-машғулот йиғини ҳудудида “715-алоқа офиси”деб номланган метамфетамин лабораториясини қурдим. Топилган доллар Ким Чен Инга шахсий совға сифатида тақдим этилди”,-деди Кук Сунг. Уларга Шимолий Корея раҳбари “виллалар қуради, хорижий машиналар, кийим-кечак ва ҳашаматли буюмлар сотиб олади”.
Яна бир даромад манбаи – Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига қурол ва ҳарбий техника сотиш. Улар орасида Эрон ва “узоқ давом этган фуқаролар уруши бўлган” давлатлар – Сурия, Мянма, Ливия ва Судан ҳам бор.
КХДР биринчи бўлиб Шимолий Корея Ҳарбий фанлар академияси томонидан ишлаб чиқилган «Хвасон-8» гипертовушли янги ракетасини синовдан ўтказган. Муваффақиятли синов учирилиши пайтида ракетанинг маневрлиги ва барқарорлиги тасдиқланди ва унинг режалаштириш хусусиятлари текширилди. 28 сентябрда Шимолий Корея ҳарбийлари ҳам Япон денгизи томон қисқа масофали ракетани учирди. 15 сентябрда Шимолий Корея темир йўлнинг мобил ракета тизимини синовдан ўтказди. Машғулотнинг мақсади – жангда биринчи марта қўлланиладиган темир йўлнинг ҳаракатланувчи ракета тизимининг амалийлигини тасдиқлаш, жанговар тайёргарликни ва янги полкнинг ўқ отиш топшириқларини бажариш қобилиятини баҳолаш ҳамда жанговар ҳаракатлар тартибини ишлаб чиқиш.
Бир қатор ҳарбий экспертларнинг фикрича, синовлар пайтида Россиянинг «Искандэр» ракетаси нусхаси ҳисобланган KN-23 баллистик ракеталари учирилган. 13 сентябрда Пхенян шунингдек, иккита узоқ масофали қанотли ракетасини синовдан ўтказган.